ЖССТ келаётган қишдан хавотирда

Олам 7541
image

Вайрон қилувчи энергия инқирози, руҳий саломатлик ҳолатининг ёмонлашиши, гуманитар ёрдамнинг чекланганлиги ва вирусли инфекциялар хавфи бу қишни Украина соғлиқни сақлаш тизими ва Украина халқи учун оғир синовга айлантиради. Бу ҳақда Киевдаги матбуот анжуманида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) Европа минтақавий бюроси директори доктор Ханс Клюге маълум қилди. 

“Келаётган қиш миллионлаб украиналиклар ҳаётига таҳдиддир”, дейди у. 

Украина энергетика инфратузилмасининг ярми шикастланган ёки вайрон бўлган ва бу соғлиқни сақлаш тизими ва одамлар саломатлигига таъсир қилмоқда. 

“Бу қишдаги асосий вазифа ундан омон қолишдир”, дейди Клуге. 

Уруш бошланганидан бери ЖССТ соғлиқни сақлаш муассасаларига 703 та ҳужумни тасдиқлади, бу халқаро гуманитар ҳуқуқ ва уруш қоидаларини бузиш сифатида баҳоланади. 

Соғлиқни сақлаш муассасалари ва энергетика инфратузилмасига ҳужумларнинг давом этиши шуни англатадики, юзлаб шифохоналар ва соғлиқни сақлаш муассасалари ёқилғи, сув ва электр қуввати этишмаслиги туфайли тўлиқ қувват билан ишламаяпти. 

Туғруқхоналарга инкубаторлар, қон банклари – музлатгичлар, интенсив терапия бўлимларига вентилятор керак, буларнинг барчаси электр энергиясига муҳтож. 

ЖССТ ҳисоб-китобларига кўра, яқин келажакда қўшимча икки-уч миллион одам иссиқлик ва хавфсизлик излаб уйларини тарк этишга мажбур бўлади. 

“Буларнинг барчаси украиналикларнинг руҳий саломатлигига салбий таъсир кўрсатади. Бу ҳафта уруш бошланганига 9-ой тўлади ва аллақачон 10 миллионга яқин одам ўткир стресс, ташвиш, депрессия, гиёҳванд моддаларни истеъмол қилиш ва жароҳатдан кейинги тушкунлик каби руҳий касалликлар хавфи остида”, дейди Клуге. 

ЖССТ тиббиёт ходимларини руҳий саломатлик хизматларини кўрсатиш бўйича ўқитди ва Украина бўйлаб оғир руҳий касалликларга чалинган 1400 кишини қамраб олди. 

Можаро соғлиқни сақлаш хизматидан фойдаланишга ҳам, инсонпарварлик ёрдами етказиб беришга ҳам таъсир кўрсатди. 

“Украина соғлиқни сақлаш тизимини қишда ва ундан кейин ҳам ўтказиш учун барқарор ресурсларга муҳтож ва бу масала келаси ой Президент Макрон ва Президент Зеленский бошчилигида Парижда бўлиб ўтадиган Украина конференциясида кун тартибига киритилади”, дейди Клуге. 

Қишда одамлар йилнинг бошқа вақтларига қараганда вирусли респираторли инфекцияларни юқтириш эҳтимоли кўпроқ. Европанинг қолган мамлакатларида бўлгани каби, Украинада ҳам COVID-19 омикрон вариантининг бир нечта версиялари тарқалмоқда. Асосий эмлашнинг паст даражаси сабаб, ревакцинация ҳақида гап бормаса ҳам, миллионлаб украиналиклар COVID-19 га нисбатан заиф иммунитетга эга. Мавсумий гриппнинг кутилаётган кескин ўсиши ва соғлиқни сақлаш хизматига киришдаги қийинчиликлар билан биргаликда бу аҳолининг заиф қатламлари учун фалокатга олиб келиши мумкин. 

У, шунингдек, Донецкдаги 17 минг ОИВ касали тақдиридан, улар яқинда омон қолишларига ёрдам берадиган антиретровирус дори-дармонлари тугаши мумкинлигидан хавотирда эканини таъкидлаб, яқинда қўлга киритилган ва босиб олинган ҳудудларга инсонпарварлик тиббий коридорини яратишга чақирди. 

"ЖССТ ва бизнинг ҳамкорларимиз ҳар қандай вақтда сафарбар қилишга тайёр", дея қўшимча қилди Клуге.

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 74
Рейтинг: 3
t
×