ЖССТ болаларнинг йўтал сиропидан ўлганини тергов қилмоқда – “Reuters”
Саломатлик
−
25 Январь 2023
9324Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) йўтал сиропидан камида учта давлатда – Гамбия, Индонезия ҳамда Ўзбекистонда 300 нафар бола ўлганини очилади. Ташкилот ҳолат юзасидан тергов ўтказмоқда. Бу ҳақда "Reuters" агентлиги ўз манбаларига таяниб хабар берди.
Хабарда айтилишича, йўтал сиропларидан дастлаб 2022 йилнинг июль ойида буйраги зарарлангани ортидан Гамбияда болалар вафот эта бошлаган. Кейинроқ эса бундай ҳолатлар Индонезия ва Ўзбекистонда кузатилган. Манба ЖССТ болаларнинг ўлимига сабаб бўлган сироплар Ҳиндистон ва Индонезиядаги жами олти ширкат қандай хом ашёни қўллагани тўғрисидаги аниқ маълумотларни қидирмоқда. Лекин ташкилот ишлаб чиқарувчилар тўғрисидаги маълумотларни очиқламаган. Шундай бўлса-да ЖССТ йўталга қарши сиропда диэтиленгликоль ёки этиленгликоль токсинлари ишлатилган бўлиши мумкинлиги ва айнан ўша моддалар болалар ўлимига сабаб бўлганини тахмин қилмоқда.
“ЖССТ сиропларни Ҳиндистон ва Индонезияда олти ширкат ишлаб чиқарганини аниқлаган. Ишлаб чиқарувчилар тергов юзасидан шарҳ беришдан бош тортганлар ёки токсинларни қўллаганини инкор этганлар. Reuters ЖССТ тергов ўтказаётган ширкатлар дори ишлаб чиқаришда қонунбузарликларга йўл қўйгани тўғрисидаги далил-исботларга эга эмас”, дейилади "Reuters" агентлигининг хабарида.
Шунингдек, Агентлик ЖССТ 23 январь куни болалар ўлимига сабаб бўлган сироплар Камбожа, Филиппин, Шимолий Тимор ва Сенегалда ҳам сотилган бўлиши эҳтимолини эътибордан соқит қилмаганини, эндиликда тергов мазкур мамлакатларда ҳам ўтказилишини таъкидлаган.
“ЖССТ барча давлатларни ва жаҳон фармацевтика саноатини сифатсиз дориларни аниқлаб, йўқ қилишга чақирди.
Фармацевтика саноати ва ассоциацияларининг халқаро федерацияси (IFPMA) 25 январь куни “ЖССТ тавсиялари асосида миллий ва халқаро принциплар асосида чоралар кўрила бошлангани”ни маълум қилди”, дея қўшимча қилинади хабарда.
Қолаверса, 25 январда ўтган матбуот анжуманида ЖССТнинг дори-дармон таъминоти бўйича бошқармаси директори вазифасини бажарувчи Ханан Балхи мазкур сироплардан жаҳонда яна кўплаб болалар ҳалок бўлиши мумкинлигидан ташвиш билдирган.
“Биз билмаган ҳолда яна кўплаб болалар мазкур дориларнинг салбий таъсири остида бўлиши мумкин”, деган Балхи болалар ўлимига сабаб бўлган сиропларни ишлаб чиқарувчилар ва тарқатувчилар ўз фаолияти ҳақида шаффоф маълумотларни бериши зарур эканини таъкидлаб.
Маълумот учун, ЖССТ 2022 йилнинг октябрида ва январь ойи бошларида Ҳиндистоннинг “Maiden Pharmaceuticals” ва “Marion Biotech” ширкатларида ишлаб чиқарилган йўталга қарши сиропларни истеъмол қилмаслик тўғрисида жаҳон давлатларини огоҳлантирган эди. ЖССТ бу ширкатларда ишлаб чиқарилган сироплар Гамбия ва Ўзбекистонда болалар ўлимига сабаб бўлганини билдирган. Шундан сўнг “Maiden Pharmaceuticals” ва “Marion Biotech” ширкатлари фаолияти тўхтатиб қўйилганди. Бироқ 2022 йилнинг декабрида Ҳиндистон ҳукумати “Maiden Pharmaceuticals”ишлаб чиқарган дориларда муаммолар борлигини рад этиб, дори воситаларининг ҳеч қандай ножўя таъсирлари аниқланмаганини эълон қилди. Шу сабабли ҳозирда “Maiden Pharmaceuticals” компанияси ўз фаолиятини қайтадан йўлга қўймоқчи.
"Reuters" агентлигининг таъкидлашича, ушбу корхона декабрь ойида дори ишлаб чиқаришда ҳеч қандай қонунбузарликларга йўл қўйилмагани айтиб, нашрга маълумот тақдим этган. Лекин корхона ижрочи директори Нареш Кумар Гоял 25 январда ЖССТнинг тергови юзасидан агентликка шарҳ бера олмаслигини маълум қилган.
Бундан ташқари "Reuters" агентлиги “Marion Biotech” ширкати билан ҳам мунтазам равишда боғланишга уринаётганини айтмоқда. Лекин корхона нашр саволларини жавобсиз қолдирган. “Marion Biotech” аввалроқ Ҳиндистоннинг Уттар-Прадеш штати ҳукуматига жўнатган мактубида“Ҳиндистон ва ширкат обрўсини тўкиш мақсадида бизни ўлимларда айблашмоқда”,деб ёзган.
ЖССТ ўтган йилнинг октябрида ҳам Индонезиянинг “PT Yarindo Farmatama”, “PT Universal Pharmaceutical”, “PT Konimex”, “PT AFI Farma” ширкатларида ишлаб чиқарилган йўталга қарши сиропларни қўлламаслик ҳақида огоҳлантирган.
"Reuters" агентлигининг “PT Yarindo Farmatama”, “PT Konimex” ва “PT AFI Farma” корхоналари билан боғланишга уринишлари самарасиз якунлаиб, улар саволларни жавобсиз қолдирган.
Бироқ “PT Universal Pharmaceutical” юристи билан мулоқот қилишга эришган агентлик ширкат йўталга қарши ишлаб чиқарган барча сиропларини дорихоналардан чақиртириб олгани ҳақидаги маълумотга эга бўлган.
“Таъминотчиларни таъқиб қилиш керак, улар ҳақиқий жиноятчи. Айнан улар хом ашё тўғрисидаги ҳужжатларни сохталаштирмоқда”, -дея интервью берган юрист Хутагалунг.
Аммо корхона юристи бирорта таъминотчини айтмаган ва уларнинг айбдорлиги юзасидан ҳужжатларни тақдим этмаган.
ЖССТ баёнотида айтилишича, йўталга қарши сиропларда диэтиленгликоль ва этиленгликоль моддалари бўлган. Бу моддалар саноатда антифризлар ва суюқлантирувчилар сифатида ишлатилади. ЖССТ таъкидича, бу моддалар энг кам миқдорда истеъмол қилинганида ҳам одам ўлимига сабаб бўлиши мумкин.
Ҳиндистон корхонаси томонидан ишлаб чиқарилган “Док-1 Макс” препарати сабаб бугунги кунда Ўзбекистонда жами 20 нафар бола вафот этган.
Айни пайтда ҳолат бўйича ДХХ Тергов бошқармаси томонидан “Quramax Medikal” МЧЖ ҳамда “Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техникалар экспертизаси ва стандартлаштириш давлат маркази” мутасаддиларига нисбатан жиноят иши очилган.
Эслатиб ўтамиз, мазкур йўтал дорини яъни “Dok-1 Max” сиропини Ўзбекистонга олиб кирган “QURAMAX MEDICAL” МЧЖнинг лицензияси ҳам 13 январь куни бекор қилинган эди.
LiveБарчаси