Жойлардаги назорат постлари фаолияти тикланяпти...ми?

Жамият 7684
image

Ижтимоий тармоқларда ҳудудлардаги бир нечта ички назорат постлари тикланаётгани ҳақида хабарлар тарқалмоқда. Унда айтилишича, бундай постлар улуши асосан Фарғона вилояти кесимига тўғри келмоқда. Хусусан, вилоятнинг Олтиариқ, Фарғона ва бошқа туманларда жойлашган айрим постлар фаолияти тикланмоқда.

QALAMPIR.UZ манбасига кўра, бу ҳолат жамоат хавфсизлиги юзасидан вақтинчалик амалга оширилаётган тадбир. Таҳририят Ички ишлар вазирлиги Матбуот хизмати билан боғланди, бироқ ҳолат юзасидан расмий изоҳ ололмади.

Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев 2017 йилнинг 22 декабрь куни Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси аъзоларига йўллаган Мурожаатномасида вилоятлар ўртасидаги йўл-патруль постларининг эскича жойлашуви ҳаракатланиш эркинлигини чеклаб, савдо-иқтисодий муносабатлар, ички ва ташқи туризм ривожига салбий таъсир кўрсатаётганини танқид қилганди.

“Ўзингиз ўйланг, бугунги кунда мамлакатимиз ҳудудида 60 дан зиёд бундай постлар мавжуд. Энди тасаввур қилинг, оддий одам Хоразмдан Тошкентга машинада келмоқчи бўлса, йўлда 17 та постдан ўтади. Фарғона водийсидан келаётган киши эса 8 та ана шундай постга дуч келади. Шу муносабат билан вилоятлар чегарасидаги барча йўл-патрул постларини тугатиш, патрул хизмати стационар постлари сонини кескин камайтириш лозим”, деган эди давлат раҳбари.

Президентнинг танқидидан сўнг, Ўзбекистон ҳудудидаги мавжуд 133 постдан 66 тасини тугатиш тўғрисида хулосалар тайёрланганди ва кейинроқ жойлардаги бир нечта назорат постлари фаолияти тўхтатилганди.

Зафарбек Солижонов

.
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 277
Рейтинг: 3
t
×
×