Жорий йилда деярли 8 млрд бюджет маблағи “растрата” қилинган – Бош прокуратура

Жамият 3946
image

Жорий йилнинг ўтган даврида қарийб 8 млрд сўм бюджет маблағи талон-торож қилинган. Бу ҳақда Бош прокуратура Матбуот хизмати хабар берди.

Прокурор текширувлари айрим вазирликлар, бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ва бошқа бюджет муассасалари томонидан бу борадаги қонун ҳужжатлари тўлиқ бажарилмасдан, иш ҳақи тўловларини мақсадсиз сарфлаш, талон-торож қилиш ҳолатларига йўл қўйилганлигини кўрсатган. 

Прокуратура органлари томонидан жорий йилнинг ўтган даврида 46 та ҳолатда 7,7 млрд сўмдан ортиқ иш ҳақи, нафақа ва уларга тенглаштирилган тўловлар учун ажратилган бюджет маблағлари талон-торож қилинганлиги аниқланган бўлиб, бу асосан, Халқ таълими вазирлиги (2,8 млрд.), Соғлиқни сақлаш вазирлиги (2,6 млрд.), Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси (177 млн.), бошқа бюджет муассасалари (1,5 млрд.), шунингдек бошқа ташкилот ва корхоналар (448 млн.) сўм ҳисобига тўғри келади. 

Бунан ташқари, прокуратура органлари томонидан ижтимоий қонунчилик ижроси устидан назорат йўналишида ўтказилган тадбирларда, қонунга зид бўлган 108 та ҳуқуқий ҳужжатларни бекор қилиш ёки қонунга мувофиқлаштириш бўйича протестлар келтирилган, қонун бузилиши ҳолатларини бартараф этиш юзасидан ваколатли органларга 74 та тақдимномалар киритилган, 451 нафар мансабдор шахслар интизомий ва маъмурий жавобгарликка тортилган, шунингдек қўпол қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан 46 та жиноят иши қўзғатилган, 672 млн. сўмлик етказилган зарарлар ихтиёрий қопланган, судларга қиймати 9,5 млрд. сўмлик 1013 та даъво аризалари киритилган ва 5,2 млрд. сўм ундирилган. 

Текширишлар натижасига кўра, 3 989 нафар шахсларнинг бузилган ҳуқуқлари амалда тикланган.

Шунингдек, текширишлар давомида корхона, ташкилот ва муассасалар томонидан бўш иш ўринларини яшириш ҳолатлари аниқланиб, ижтимоий ҳимояга муҳтож 26 445 нафар ишсиз фуқароларга ишга жойлашишида амалий ёрдам кўрсатилган.

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки берган маълумотларига кўра, жорий йилнинг сентябрь ойи учун 3 344 749 млн. сўм пенсия, 3 250 532 млн. сўм иш ҳақи, 438 276 млн. сўм нафақа жами 7 033 556 млн. сўм ижтимоий тўловлар тўлаб берилган. 

Қайд этилишча, ижтимоий қонунчилик ижроси прокуратура органларининг доимий  назоратида.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 44
Рейтинг: 3.1
t
×