Жорий ҳафтада ҳаво ҳарорати бироз кўтарилади
Бу қизиқ
−
14 Август 2023
6093Жорий ҳафта Ўзбекистонда ҳаво бироз булутли бўлади, айрим вилоятларда қисқа муддатли ёмғир ёғади, айрим жойларда чанг-тўзон кузатилади. Ҳафта ўртасига бориб ҳарорат кўтарила бошлайди. Бу ҳақда республика Гидрометеорология маркази хизмати хабар берди.
Бугун ва эртага республика ҳудуди бўйича салқин об-ҳаво сақланиб туради, ҳарорат кечалари 13-16 даража илиқ, кундуз кунлари 27-32 даража, жанубда 35 даража иссиқ бўлади. Бу август ойи ўртаси учун меъёрий ҳароратдан 2-4 даражага паст ҳисобланади.
Ҳафта ўртасида салқин ҳаво массаси республика ҳудудидан аста-секин чекина бошлайди, ҳаво ҳарорати кўтарилади ва ҳафта охирига келиб, кечалари 17-20 даража илиқ, кундуз кунлари 34-37 даража иссиқ бўлади.
Ушбу кунларда ҳудуднинг катта қисмида қуруқ ва кам булутли об-ҳаво сақланиб туради, фақат Фарғона вилоятининг айрим тоғли ҳудудларида бугун кечга томон қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши кутилмоқда.
14-15 август кунлари республика бўйича баъзи жойларда шамол тезлиги 15-20 м/с гача кучаяди, айрим жойларда чанг-тўзон кузатилади.
Пойтахт Тошкентда 14-18 август кунлари ҳаво кам булутли бўлади. Бугун ва эртага ҳарорат 29-32 даража бўлади, сўнг 34-37 даражача кўтарилади. Ҳафта бошида ҳарорат кечаси ва эрталаб 13-16 даража, ҳафта охирига келиб 17-20 даража илиқ бўлади.