Жонсондан бўшаган “курси”га даъвогар пайдо бўлди

Олам

image

Буюк Британия Ташқи ишлар вазири Лиз Трасс мамлакатдаги ҳукмрон Консерватив партия ва ҳукумат раҳбари лавозимига ўз номзодини илгари сурди. Бу ҳақда у кеча, 10 июль куни “The Daily Telegraph” сайтида чоп этилган мақоласида маълум қилди.

“Глобал иқтисодий инқироз шароитида биз ўз уйимизда катта муаммоларга дуч келяпмиз. Шунингдек, биз хорижда тажовузкор Россия ва тобора қатъиятли Хитойдан келаётган катта чақириқларга дуч келмоқдамиз. Кейинги сайловларга тайёрланиш учун икки йилдан кам вақт қолди. Бу мураккаб қарама-қаршилик бўлади, аммо Британия халқи олдида ваъдаларни бажариб, унда ғалаба қилиш мумкин. Мен ўз номзодимни илгари сураман, чунки мен одамларга раҳбарлик қила оламан, ваъдаларни бажараман ва қийин қарорлар қабул қила оламан”, деган Трасс.

Трасснинг айтишича, у Бош вазирлигининг илк кунлариданоқ нархларнинг кескин кўтарилишидан азият чекаётган аҳоли ва рақобатбардошлигини сақлаб қолиши керак бўлган корхоналар учун солиқларни камайтиради. Шунингдек, у Brexit’дан тўлиқ фойдаланиш, давлат аппарати ҳажмини қисқартириш ва давлатнинг одамлар ҳаётига ортиқча аралашувидан воз кечиш зарурлигини таъкидлаган.

ТИВ раҳбари 7 июль куни бош вазирлик лавозимини тарк этишини эълон қилган Борис Жонсон кабинетидаги Россия ҳаракатларининг энг ашаддий танқидчиларидан бири ҳисобланади. Трасс ва Буюк Британия Мудофаа вазири Бен Уоллес бош вазирлик учун курашда фаворит деб кўрилаётганди, бироқ 9 июль куни Уоллес ички партиявий сайлов кампаниясида иштирок этмаслигини эълон қилди.

Эслатиб ўтамиз, истеъфога чиқишини эълон қилган Борис Жонсон ҳукмрон партиянинг янги раҳбари сайланмагунча Бош вазир вазифасини бажаришда давом этади.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

295

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг