Жонсон локдаунда зиёфат уюштиргани учун жарима тўлади
Олам
−
13 Апрель 2022
6199Буюк Британия Бош вазири Борис Жонсон 2020 йилнинг май ойида карантин қоидаларини бузгани учун жаримага тортилди. У локдаун вақтида туғилган куни шарафига бўлиб ўтган тадбирда иштирок этган. Бу ҳақда РБК хабар берди.
Қайд этилишича, Бош вазир Лондонда жойлашган Даунинг кўчасидаги Бош вазир қароргоҳининг боғида ўтказилган зиёфатда қатнашганини тасдиқлаган. Зиёфат Борис Жонсоннинг туғилган куни шарафига бўлиб ўтган. Натижада Жонсон билан бир қаторда 50 дан ортиқ киши ҳам жаримага тортилган. Жарима миқдори қанча бўлганига аниқлик киритилмаган.
Шунингдек, Бош вазир мазкур қоидабузарлик учун узр сўраган ва халқ мазкур ҳолатдан норози бўлганини тушунишини билдирган.
“Фуқароларни ҳимоя қилиш учун мен томонимдан бошқариладиган ҳукуматнинг ўрнатган қоидаларига ўзим риоя қилмаганлигим учун кўпчиликнинг норозилик туйғуларини тушуниб турибман. Мен жаримани тўладим ва кечирим сўрайман”, дейди Жонсон.
Жонсон ўша кун ҳақида гапирар экан, “бу қоидаларни бузиши ҳаёлига ҳам келмаганини” таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, Даунинг кўчасидаги “қисқа йиғилиш” ўн дақиқадан кўпроққа чўзилмаган. Шу билан бирга, полиция ушбу тадбир коронавирусга қарши қоидаларни бузганини аниқлаган ва Жонсон “тергов натижаларини тўлиқ ҳурмат қилишини” айтган.
Маълумот учун, январь ойида Лондон полицияси COVID’га қарши кураш қоидаларини бузган камида 12 йиғилиш бўйича тергов бошлади ва бугун улар таниқли сиёсатчиларга нисбатан 50 та жарима солгани маълум бўлди. Жонсондан ташқари, Молия вазири Риши Сунак ва ва Бош вазирнинг рафиқаси ҳам жаримага тортилган.
Ўтган йили — айни карантин вақтида Даунинг кўчасидаги базм можароси бутун мамлакат бўйлаб авж олди. Бош вазирга танқидлар бўрони ёғилди. Ҳатто Жонсон лавозимини йўқотиши ҳам мумкин эди. Вазият 2021 йил 16 апрелда – Буюк Британияда миллий мотам эълон қилинган шаҳзода Филиппнинг дафн маросими арафасида яна иккита зиёфат бўлиб ўтгани маълум бўлгач, янада кескинлашди. Кейин қиролича Елизавета II черковдаги хотира маросимида ёлғиз ўтиришга мажбур бўлди. Вазирлар Маҳкамаси қирол оиласидан кечирим сўради.
Британия жамоатчилиги, мухолифат партиялар ушбу қоидабузарлик ортидан канцлер ва Бош вазирни ўз лавозимини тарк этишга чақирди, бироқ улар буни рад этди. “Жарима туфайли истеъфога чиқасизми?”, деган саволга Бош вазир ўз ваколатини бажаришда давом этишни хоҳлашини айтди.
“Мен ўз ваколатимни бажаришда ва мамлакатдаги муаммоларни ҳал қилишда давом этишни хоҳлайман”, дейди Жонсон.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь