Жо Байден иқлим ўзгаришига рекорд даражада сармоя киритди 

Олам

image
0:00
0:00
download

АҚШ Президенти Жо Байден кеча, 16 август куни иқлимни муҳофаза қилиш, мамлакатнинг энергия хавфсизлигини таъминлаш ва соғлиқни сақлаш ташаббусларини қўллаб-қувватлашга катта сармоя киритишни назарда тутувчи қонун лойиҳасини имзолади. Бу ҳақда Оқ Уй матбуот хизмати хабар бермоқда.

Қонун лойиҳасида кўрсатилган сумма (375 миллиард доллар) АҚШда сўнгги ўн йил ичида иқлим ўзгаришига қаратилган энг йирик федерал сармоядир.

Бундан ташқари, Американинг Мedicare – кексаларга тиббий ёрдам кўрсатиш федерал дастури аъзолари учун дори-дармонларга қўшимча харажатлар 2000 доллар миқдорида белгиланади. Соғлиқни сақлаш ташаббусларига, хусусан, дори-дармон нархларини пасайтиришга 64 миллиард доллар  йўналтирилган.

Шунингдек, янги чора-тадбирлар 13 миллион АҚШ фуқаросига CОVID-19 пандемияси даврида бериладиган субсидияларни кенгайтириш орқали тиббий суғуртани қоплашга ёрдам беради.

Маълум бўлишича, маблағлар корпорацияларга солиқни ошириш ҳисобига тўпланади. Йирик компаниялардан олинадиган янги солиқлар ҳамда бадавлат жисмоний ва юридик шахслардан олинадиган тўловларни ошириш ҳисобига бюджетга зарур маблағлар жалб қилинади.

"Ушбу қонун лойиҳаси жорий йилнинг, 8 ноябрь куни АҚШда бўлиб ўтадиган оралиқ сайловларда Демократик партиянинг мавқеини мустаҳкамлашга қаратилган", дейди “Associated Press” агентлиги.

Имзолаш маросимида Байден қонунни Республикачилар партияси аъзолари томонидан заиф қўллаб-қувватланаётганини танқид қилган.

“Бу тарихий лаҳзада демократлар Америка халқи томонида бўлди ва Конгрессдаги ҳар бир республикачи овоз бериш жараёнида ўзларининг алоҳида манфаатларидан келиб чиққан ҳолда ҳаракат қилди”, дейди у.

Жорий йилнинг, 12 август куни қонун лойиҳасини қабул қилиш чоғида АҚШ Конгресси Вакиллар палатасида овозлар партиялар бўйича тақсимланган. Қайд этилишича, 220 та демократ ташаббусни қўллаб-қувватлаган, 207 та республикачи эса қарши овоз берган. Бунгача қонун лойиҳаси АҚШ Конгресси Сенатида атиги бир овоз (51-50) билан маъқулланган. Вице-президент, демократ Камола Харриснинг позицияси ҳал қилувчи аҳамият касб этган.

АҚШ расмийларининг фикрича, қонунда белгиланган чора-тадбирлар мамлакатдаги инфляция даражасини пасайтиради.

Фарангиз Салимова


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Баҳолаганлар

44

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг