Жоҳил (3-қисм). Болалар терисидан сумка, одам ёғидан совун ёхуд Гитлернинг ўлим лагери

Бу қизиқ

image

 “Агар урушда ғалаба қилсам, мен тарихдаги энг буюклардан бирига айланаман. Бироқ муваффақиятсизликка учрайдиган бўлсам, мени ўлимга ҳукм қилишади, рад этадилар ва лаънатлайдилар”.

Учинчи рейх Фюрери Адольф Гитлер

Демократия – эркинликнинг бир кўриниши. У одамга эркин сўзлаш, давлатдаги сиёсий жараёнларга бемалол аралашиш ва фаровон ҳаётни тақдим этиши мумкин. Лекин Германияда демократия инсонларга гўзал ҳаётни эмас, балки фашизмни, зулм ва энг даҳшатлиси Иккинчи жаҳон урушини берди.

Куни кеча эълон қилинган “Жоҳил (2-қисм). Фашизмнинг кучга тўлиши ёхуд иблис салтанати” номли мақоламизда Адольф Гитлер қандай қилиб ҳокимият тепасига чиққани ҳақида маълумот берган эдик. Навбатдаги тарихий фактларга асосланган мақоламизда Фюрер олиб борган ташқи сиёсат, Гитлер яҳудийларни нима учун қиргани ва унинг ўлими ҳақидаги фактлар тўғрисида сўз юритамиз.

Ташқи сиёсатнинг уч даври

Адольф Гитлер олиб борган ташқи сиёсатни уч даврга бўлиш мумкин. 

Биринчи давр – 1933-1936 йилларни ўз ичига олади. Бу даврда Фюрер ўзини “беозор” кўрсатиб, АҚШ ва Буюк Британия билан яхши алоқалар ўрнатди. Бунинг натижасида Версаль шартномаси амалда инкор этилди. 1936 йилда ўтказилган Берлин олимпиадаси бунга яққол мисол. Аммо бу ҳаракатлар тубида Германия Биринчи жаҳон урушидаги мағлубият учун қасос олишга ҳозирланаётган эди. 1935 йилдан бошлаб Германияда умумий ҳарбий мажбурият жорий этилди ва Сар вилояти (1919 йил Версаль шартномасига кўра, Сар вилояти 15 йил муддатга Миллатлар Иттифоқи бошқарувига берилган) қайтариб олинди. 1935 йил 30 июнь куни Германия ва Буюк Британия ўртасида денгиз битими имзоланди. Унга кўра, Германия Буюк Британия денгиз флотининг 3/1 қисмига тенг миқдорда денгиз флоти тузиш имкониятини қўлга киритди.

Иккинчи давр – 1936-1939 йилларни қамраб олади. Бу даврда ҳар томонлама кучга тўлган Гитлер турли ҳудудларга даъво қилди. Бу билан Фюрер бўлажак урушга транпилин яратди. Хусусан, 1936 йилнинг ноябрь ойида Германия ва Япония ўртасида “Антикоминтерн пакти” имзоланди. Бир йилдан сўнг бу пактга Италия қўшилди. Шу тариқа Берлин–Рим–Токио учта агрессив давлат иттифоқи вужудга келди. Гитлер ўз қурбонларини ғафлатда қолдириш учун ёлғондан кенг фойдаланди. 1938 йил Австрия Германия таркибига қўшиб олинди. Кун сайин иштаҳаси ўсиб борган Гитлер Чехословакиянинг Судет вилоятини талаб қилди. 1938 йил имзоланган “Мюнхен” шартномасига кўра, Судет Германияга берилди. 

Учинчи давр – 1939-1945 йилларни ўз ичига олади. Ушбу давр Иккинчи жаҳон урушининг бошланиши ва Германиянинг мағлубиятини қамраб олади.

Гитлер нега яҳудийларни қирган?

“Фюрер нима учун яҳудийларни ёмон кўрган”, деган саволга тарихчилар турлича жавоб беришади. Хусусан, бир гуруҳ тарихчилар “Гитлер немис миллатини энг олий ирқ даражасига кўтармоқчи эди, шу сабабдан яҳудийларни қирган”, дея таъкидлайдилар. Чунки яҳудийлар ўзларини энг олий (танланган) ирқ деб билишган.

“Гитлер ёшлик вақтида яҳудийлар унинг устида тажриба синови ўтказган, шу сабабли Фюрер яҳудийларни ёмон кўради”, деган турли хил миш-миш гаплар ҳам учрайди. Бошқа маълумотларга кўра, Гитлер Вена бадиий санъат академиясига кириш учун имтиҳон топширганида, яҳудий рассом уни имтиҳондан ўтказмаган.

Иккинчи жаҳон урушининг бошланиши

1937 йил 5 ноябрь куни Адольф Гитлер Польшага ҳужум қилиш ва Иккинчи жаҳон урушини бошлаш режасини тузиш учун қўл остидаги барча генералларни тўплайди. Учрашувда Фюрер Иккинчи жаҳон урушини 1943-1945 йилдан кечга қолдирмасдан бошлашини таъкидлайди. Лекин бунга фельдмаршал Вернер фон Бломберг ва генерал-полковник Вернер фон Фрич қарши чиқади.

Гитлер биринчи ҳужум нишони сифатида Польшани танлади. Сабаби Польша жуда катта табиий бойликларга эга эди. Иккинчи жаҳон уруши арафасида Германия-СССР ўртасида дўстлик ва ҳужум қилмаслик тўғрисида “Молотов-Риббентроп” шартномаси имзоланди. Шундай қилиб, Гитлер ва Сталин Польшани бўлиб олишга келишиб олди.

Гитлер уруш арафасида чиқиш қилиб, шундай деди:

“Мен ҳозир 50 ёшдаман ва мен 55 ёки 60 ёшга кирганимда эмас, ҳозир уруш олиб боришни маъқул кўраман”.

Ана шундан сўнг Фюрернинг ҳаётини Иккинчи жаҳон урушининг шовқинли воқеалари қамраб олди. Гитлер халқ олдида ҳарбий китель кийди ва уни Германиянинг тўлиқ ғалабасигача ечмаслигини эълон қилди. Бироқ бу уруш унга омадсизлик келтирди.

1939 йил 1 сентябрь куни Германия Польшага бостириб кирди. Икки ҳафта ичида Польша тор-мор этилди. 1940 йил 14 июнь куни немислар Парижни эгаллади. Компен ўрмонида Франция ҳукумати Гитлер билан тинчлик сулҳи имзолашга мажбур бўлди. Бу Биринчи жаҳон уруши учун реванш эди. Шундан сўнг Гитлер Берлинга қаҳрамон сифатида кириб келди.

1941 йил 22 июль куни немис қўшинлари Совет Иттифоқининг чегарасини ёриб ўтди. 9 декабрь куни Москва остонасида Германия армияси тор-мор этилди. Шундан сўнг Гитлер бош қўмондон фельдмаршал Вальтер фон Браухични лавозимидан бўшатиб, бутун ҳарбий ҳаракатларни ўз қўлига олди.

Босиб олинган ҳудудларда оккупация режими ўрнатилди. Фашистлар ўзларининг бу бошқарувларини “Янги тартиб” деб атадилар. Чехословакия ва Польша ҳудудларида ўлим лагерлари ташкил этилди. Маълумотларга кўра, ўлим лагерларида 11 миллион инсоннинг ёстиғи қуритилган. Асирларнинг тилла тишлари суғуриб олиниб, давлат манфаати йўлида ишлатилган. Асир аёллар сочларидан кема мачтаси учун арқон тўқилган. Болалар терисидан аёллар сумкалари, қўлқоплар тайёрланган. Одам ёғидан совун ишлаб чиқарилган. Мурдаларнинг жасадлари газли печларда ёндирилиб, ўғит сифатида экин майдонларига сепилган. Аммо бу ваҳшийликлар узоқ давом этмади. 1942-1943 йилларда Гитлер армияси катта йўқотишларга учраб, ортга чекина бошлади.

Жоҳилнинг ўлими 

1944 йил 20 июль куни Фюрерга нисбатан суиқасд уюштирилди. Бироқ Гитлер енгил жароҳат олиб, фитначиларни аёвсиз жазолади.

1945 йил Гитлер ўз қароргоҳини тўлиқ Берлинга кўчирди. У 3 январь куни радиода чиқиш қилиб, “Ғалаба охир-оқибат биз тарафда бўлади”, деди. Аммо Германия урушни бой бергани кундек равшан эди.

1945 йил 29 апрель кечаси Империя девонининг биносида Гитлер билан Ева Брауннинг никоҳ маросими бўлиб ўтди. Фюрер ўлими олдидан урушни яҳудийлар манфаатига хизмат қиладиган давлат бошлиқлари келтириб чиқарганини васият қилади. Шундан сўнг Адольф Гитлер ва Ева Браун ўз жонларига қасд қилишади. Уларнинг жасади бензин сепиб, ёқиб юборилади. 30 апрель куни соат 10:00 да радио орқали Фюрернинг ўлими эълон қилинади.

Ҳокимият тепасига чиқиш йўлида ҳам ўзи ҳукмронлик қилган вақтда ҳам Гитлер ёлғон ва террордан кенг фойдаланди. Аммо буларнинг барчаси уни муқаррар ҳалокатдан сақлаб қола олмади. Бутун дунё назарида Адольф Гитлер иблиснинг тимсоли бўлиб қолди.
 


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

1780

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг