Жоҳил (2-қисм). Фашизмнинг кучга тўлиши ёхуд иблис салтанати

Бу қизиқ

image

“Агар сиз ёлғонни етарлича узоқ, баланд овозда ва тез-тез гапирсангиз, одамлар сизга ишонишни бошлайди”.

Учинчи рейх Фюрери Адольф  Гитлер

“Мақсад воситани оқлайди”. Бу ибора машҳур файласуф Никколо Макиавеллининг қаламига мансуб. У ёзган “Ҳукмдор” асари кўплаб сиёсатчиларга йўлчи юлдуз бўлиб хизмат қилган. Бу сиёсатчилар қаторида Адольф  Гитлер ҳам бор. Фюрер мақсадига етишиш учун турли воситалардан фойдаланди. Унинг оташин нутқларига ишонган немис халки Гитлерни қўллаб-қувватлади. Алал-оқибат жоҳил иқтидорга келди. Бу воқеа тарихда бурилиш нуқтаси бўлди.

Куни кеча эълон қилинган “Жоҳил. Тиланчи ва мардикор Гитлер ҳокимият тепасига қандай келди?” номли мақоламизда Адольф  Гитлернинг бахтсиз болалик йиллари, Фюрернинг Биринчи жаҳон урушида иштироки ҳақида маълумот берган эдик. Галдаги тарихий фактларга асосланган мақоламизда Адольф Гитлернинг қандай қилиб канцлер бўлгани ва Германияда тоталитар диктатуранинг ўрнатилиши ҳақида сўз юритамиз.

Жоҳилнинг қамоқдан чиқиши

1920 йил 20 декабрь куни ҳукумат халқ орасида обрўси ошиб кетган Адольф  Гитлерни афв этишга мажбур бўлди. Озодликка чиққан Фюрер ғайрат билан халқ орасида ташвиқот ишларини бошлаб юборди. Эрнст Рём унга катта ёрдам кўрсатди. Тез орада ҳужум отрядлари қайта тикланди. “Германия Миллий-Социалистик ишчи партияси” (НСДАП)нинг қайта оёққа турушида, Шимолий ва Шимолий-Ғарбий Германиядаги ўнг қанот экстремистик ҳаракат раҳбарлари ака-ука Грегор ва Отто Штрассер катта роль ўйнади. Улар ўз тарафдорларини НСДАП сафига қўшди. Шу орқали вилоят даражасидаги партия умуммиллий сиёсий кучга айланди.

1926 йилда Гитлер ёшлари “гитлерюгенд” ташкилоти тузилди. Бу вақтда Фюрер партия учун умумгерман даражасида ёрдам изларди. У Германиядаги бир неча машҳур генералларнинг ишончини қозонди. Шунингдек, Фюрер таниқли тадбиркор Фриц Тиссен ёрдамида Германиядаги саноат магнатлари билан алоқа ўрнатди. Шундан сўнг Гитлернинг “Mein kampf ” китоби кенг кўламда нашр этилди. Бу китоб тез орада нацистларнинг библиясига айланди.

Германияда Республиканинг инқирози

Гитлер жамиятнинг барча қатлам вакилларининг меҳрини қозонишга интилди. Лекин Фюрер ўзининг баландпарвоз нутқларини кўпроқ қишлоқ аҳолиси қаршисида сўзлади. Гитлер оддий халқ олдида раҳбар ва буржуазия вакилларини масхара қилар эди.

1928 йилги Рейхстаг (Германия парламенти)га сайловда Гитлер бошлиқ нацистлар партияси 12 та ўринга эга бўлди. 1929 йилда Германияда иқтисодий инқироз бошланди. Айни шу вақтда Фюрер миллатчилик кайфиятидаги Альфред Розенберг билан иттифоқ тузди.

1928-1932 йиллар Германия тарихидаги энг мураккаб даврлардан бири эди. Чунки Германия “Версаль шартномаси”га кўра, ғолиб мамлакатларга катта миқдорда товон пули тўлаётганди. Бундан ташқари, немис халқи ўз мамлакатидаги кўмир конларидан кўмир ўғирлаб ҳаёт кечирар эди. Сабаби ўша вақтда барча кўмир конлари Франциянинг назорати остида бўлган. Аҳоли орасида норозилик кайфияти кучайди. Бу ҳолат Адольф Гитлер учун ҳақиқий совға бўлди. Тўрт йил давомида ишлаб чиқариш тинимсиз пасайиб борди. Иқтисодий инқироз натижасида саноат ишлаб чиқариши 40 фоизга, реал иш ҳақи эса 50 фоизга камайди. Мамлакатда ишсизлар сони 9 миллиондан ошди. Бу Веймар Республикаси учун ҳақиқий фалокат эди. Шу вақтда Гитлер оташин нутқлари билан немис халқнинг меҳрини қозонди. Уни Густав Крупп, Роберт Бош, Фриц Тиссен, Альфред Гугенберг каби магнатлар қўллаб-қувватлади.

1930 йилги Рейхстаг сайловида НСДАП олти миллиондан зиёд овоз тўплаб, парламентда 107 та депутатлик ўрнига эга бўлди. Бу билан нацистлар партияси мамлакатда катталиги жиҳатидан иккинчи сиёсий ҳаракатга айланди.

1932 йилги президентлик сайлови

Гитлер немис халқини Веймар Республикаси бемаънилигига ишонтирди. У Биринчи жаҳон урушидан кейинги хўрланишни жамиятга доимо эслатиб турди. Фюрер парламент бошқаруви ва капиталистик тузумни йўқ қилишни тарғиб қилди. Шунингдек, Гитлер немис миллатининг ўзига хослигини таъкидлаб, Германияни бирлаштириш, яъни Версаль шартномаси бўйича йўқотилган ҳудуд ва мустамлакаларни қайтариш зарурлиги ҳақида бот-бот такрорлади.

1932 йилнинг февраль ойида Фюрер президентлик сайловида қатнашишга қарор қилди. Шу ерда ўқувчида “Гитлер Австрияда туғилган, қандай қилиб президентлик сайловида ўз номзодини қўйиши мумкин?”, деган савол пайдо бўлиши табиий. 1925 йилда Фюрер Австрия фуқаролигидан воз кечган бўлиб, 1932 йилда Германия фуқаролигини қабул қилган.

Адольф  Гитлер президентлик сайловида ғалаба қозониш учун мамлакат бўйлаб катта ташвиқот кампаниясини уюштирди. Унинг рақиблари Пауль фон Гинденбург ва Эрнст Тельман эди. 1932 йил 23 март куни бўлиб ўтган сайловнинг биринчи турида Гинденбург 49,6% овоз, Гитлер эса 30,1% овоз йиғди. Иккинчи турда Гинденбург 54% овоз тўплаб, Германия Президенти бўлди.

Фашизмнинг кучга тўлиши

1932 йил 4 июнь куни Рейхстаг Президент Гинденбург томонидан тарқатиб юборилди. 6 ноябрь куни парламентга қайта сайлов бўлиб ўтди. Унда  НСДАП 33,1 фоиз овоз тўплаб, Рейхстагда196 та ўринга эга бўлди. 1932 йил 3 декабрь куни Курт фон Шлейхер канцлер этиб тайинланди. Янги тузилган ҳукумат йирик сармоядорлар манфаатига хизмат қила бошлади. Ҳукумат ишсизлик учун тўланадиган нафақани, ижтимоий суғурта тўловларини, давлат хизматчиларининг иш ҳақини камайтирди. Мамлакатда давом этаётган ҳам иқтисодий, ҳам сиёсий инқироз ўз навбатида фашизмнинг кучайишига ва унинг ҳокимият тепасига келиши учун замин ҳозирлади.

Халқ орасида фашистлар партиясининг таъсири тобора кучайиб борди. Чунки инқироз вақтида Республиканинг обрўси тушиб кетган эди. Немис халқининг онгига “бошқарувнинг Республика шакли барча кулфатларнинг манбаси” деган тушунча ўрнашиб олди. Бундан фойдаланган Адольф Гитлер халқ орасида ташвиқот ишларини кучайтирди. У ўз тарғиботларида ижтимоий адолат, жамият ҳаётининг барча соҳаларида қаттиқ тартиб ўрнатиш ҳақида эҳтирос билан гапира бошлади. Фюрер мамлакатда ишсизликни тугатиш, ўртаҳол қатламни соғлом ўрта табақага айлантиришни, судхўрликка чек қўйишни, ерсиз ёки кам ерли деҳқонларга эса Шарқдаги унумдор ерларни беришни ваъда қилди.

Фашистларнинг “Йўқолсин Версаль шартномаси”, “Йўқолсин чайқовчилар!”, “Йўқолсин чирик ҳукумат”, деган гаплари жамият онгида фашистларга нисбатан хайрхоҳлик туйғусини уйғотди.

Иблиснинг ҳокимият тепасига чиқиши

1933 йил 4 январь куни Адольф Гитлер банкир Шредернинг уйида Фон Папьен ва бир неча йирик магнатлар билан махфий тарзда учрашди. Бу Учинчи рейх диктатурасини яратиш йўлидаги илк қадам бўлди. Фон Папьен Гитлер билан сиёсий иттифоқ тузди. Келишувга кўра, йирик магнатлар Гитлерга ҳар томонлама ёрдам бериб, уни канцлер даражасига кўтаришади. У эса бунга жавобан, Папьен ва унинг сафдошларига бўлажак тузиладиган янги ҳукуматнинг ёғлик лавозимларини бериши керак эди.

1933 йил 30 январь куни Президент Гинденбург Адольф Гитлерни канцлер этиб тайинлади. Бу болалигида етарлича меҳр кўрмаган, бир замонлар Венада ўқишга кира олмай, кўчаларда тиланчилик қилиб, дайдиб юрган Адольф Гитлернинг ҳаётидаги энг ёрқин лаҳзалар эди. Бироқ бу воқеа Германияда демократиянинг интиҳоси, тоталитар диктатуранинг ибтидоси бўлди.

Фюрер ҳокимият тепасига келгач, биринчи навбатда сиёсий демократияни йўқ қилишга киришди. Гитлер 1933 йил 23 февраль куни сиёсий партияларнинг фаолиятига барҳам бериш учун Рейхстаг биносига ўт қўйиб, бу ишни коммунистларга ағдарди.

Маълумотларга кўра, нацистлар Гитлернинг энг ишонган одамларидан бири ҳисобланган Гериннинг штаб-квартирасидан бошланадиган ер ости йўли орқали Рейхстаг биносига киришган. Сўнг бинодаги гилам ва пардаларга енгил ёнувчан суюқлик қуйиб, ақлан заиф голландиялик собиқ коммунистни олиб келиб, бинога ўт қўйишди.

Шундан сўнг мамлакатда фашистлар партиясидан бошқа барча сиёсий партиялар фаолияти тақиқланди. Фюрер социал-демократларни Биринчи жаҳон урушида Германия тақдири ҳал бўлаётган кезларда ноябрь инқилобини келтириб чиқарганликда, коммунистларни эса Совет жосуслари сифатида айблади.

1933 йил 2 март куни Фюрер коммунистларни ёмонлаб, омма олдида шундай деди:

“Марксизм Россияда ғалаба қозонди. У Россияда қашшоқликни йўқ қилдими? Бутун дунёнинг дон омборига айланиши мумкин бўлган мамлакатда миллионлаб одамлар очликдан ўлмоқда. Улар эса буни биродарлик дейишади. Биз бу биродарликни биламиз. Юз минглаб, ҳатто, миллионлаб инсонлар ана шу биродарлик номидан ва катта бахт натижасида ҳалок бўлмоқда. Ҳатто, улар капитализмдан ўтиб кетамиз дейди. Мен Германияда ушбу тизимни ўрнатмоқчи бўлганларни камида бир ҳафта Сибирга бориб дарахт кесишларини тавсия қиламан”. 

Гитлер Президент Гинденбургга босим ўтказиб, парламентга қайта сайлов ўтказиш тўғрисида розилик олди. 1933 йил 5 март куни ўтказилган сайловда нацистлар Рейхстагда ўз вакилларини 196 тадан, 288 тагача кўпайтириб олди. Гитлер Президент Гинденбургга “Халқ ва давлатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги декретни имзолатишга эришди. Бу декрет Фюрерга фавқулодда ваколатлар берди. Энди Рейхстаг бошлиғи ўз декретлари билан мамлакатни бошқариши мумкин эди.

Тез орада Германияда сўз эркинлиги чекланди. Гитлернинг бошқарув шаклига қаршилик билдирганлар қамоққа олинди. Ўзгача фикрловчилар канцлагерга ташланди. Фюрер ўзига итоаткор ҳукуматни яратди. Таълим ва динни фашизмга бўйсундирди.

“Узун пичоқлар кечаси” қирғини

1934 йил 4 август куни Президент Гинденбург вафот этди. Шундан сўнг Фюрер канцлерлик ва Президентлик лавозимини бирлаштириб, Германиянинг мутлақ ҳокими бўлди. Бироқ унга қарши чиқувчилар ҳали ҳам бор эди.

Гитлер мутлақ ҳокимиятга эришиш учун биргина тўсиқ қолганди. Бу ўз партиясининг ичидаги “Жигарранг кўйлаклилар” отряди (СА) бошлиғи Эрнест Рём эди. Фюрер ўз партияси ичидаги мухолифатни йўқ қилиш учун ваҳшиёна режа тузди. Бу режа 1934 йил 30 июнь куни амалга оширилган бўлиб, тарихда бу воқеа “Узун пичоқлар кечаси” деб аталган. Ўша тунда (СА) нинг 150 та вакили қўлга олинди. Уларнинг аскари ўша заҳоти ўлдирилади. Ўлдирилганлар орасида собиқ канцлер Курт фон Шлейхер, Густав фон Карни ва капитан Эрнест Рём бўлган.

Фюрер ўз хотира дафтарларига “Узун пичоқлар кечаси” ҳақида шундай ёзади:

“Мен ўзимни ўша лаҳзаларда герман миллатининг энг олий ҳакимидек ҳис қилдим”.

Бу ғайриқонуний қирғиндан сўнг Адольф Гитлер Учинчи рейхнинг сўзсиз диктаторига айланди. Шундан кейин Германияда қонуннинг устуворлиги тугади. Армиянинг барча офицерлари шахсан Гитлерга истисносиз содиқликка қасам ичди. 1935 йилда давлат махфий полицияси “Гестапо” ташкил этилди. У мамлакат ичкарисидаги душманларни топиш ва қўлга олиш билан шуғулланган. Фюрернинг энг ишонган одамлари Геринг, Геббелс, Гиммлер алоҳида лавозимларга тайинланди. Гитлер Гиммлерга ички душманлар билан курашиш учун концентрацион лагерлар яратишни буюрди.  1935 йили фуқаролик ва ирқ ҳақида Нюрнберг қонунлари қабул қилинди. Унга кўра, яҳудийларни фуқароликдан маҳрум этилди ва немис билан яҳудийлар турмуш қуриши тақиқланди. Бир сўз билан айтганда Германия яхлит қамоқхонага айланди.

QALAMPIR.UZ Адольф Гитлернинг ҳаёт йўлини ёритишда давом этади. Келгуси мақоламизда, Фюрер олиб борган ташқи ва ички сиёсат, унга қилинган суиқасдлар ҳамда Гитлернинг ўлими ҳақида маълумот берамиз.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

876

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг