Жоҳил (1-қисм). Тиланчи ва мардикор Гитлер ҳокимият тепасига қандай келди? 

Бу қизиқ

image


“Ҳаёт – бу ўлимга навбат туришдир, лекин баъзилар навбатсиз кетади”.

Учинчи рейх Фюрери Адольф Гитлер

Бола худди оқ қоғозга ўхшайди. Унга ниманинг тасвирини туширсак, ўша акс этади. Дунёдаги энг ёвуз инсон ҳам болалигида қора иллатлардан йироқда, бахтли ҳаётни орзу қилган. Бироқ вақт ўтиши билан атрофдаги муҳитнинг таъсири доирасида боланинг қалбида нафрат, ғазаб, бир сўз билан айтганда, ёвузлик пайдо бўлади. Адольф Гитлер ҳам болалик йилларида машҳур рассом бўлишни ва оддий инсонлар каби ҳаёт кечиришни орзу қилди. Бироқ “тақдирдан қочиб қутулиб бўлмайди” деганларидек, Гитлер тарихда машҳур рассом бўлиб эмас, балки ёвуз жоҳил сифатида ном қолдирди.

Бугунги мақоламизда, божхона хизматчиси оиласида дунёга келган, ҳаётнинг қаттиқ зарбалари оқибатида шафқатсиз инсонга айланган, Биринчи жаҳон урушида қатнашиб, Германиянинг мағлубияти учун келажакда ўч олишни ўз олдига мақсад қилган, Учинчи рейх Фюрер (доҳий) Адольф Гитлернинг сирли ҳаёти ҳақида маълумот берамиз.

Бахтсиз болалик

1889 йил 20 апрель баҳорнинг илиқ кунларининг бири. Австрия ва Германия чегараси яқинидаги Браунауам Инн шаҳрида яшовчи божхоначи оиласида бахт чироғи порлади. Ниҳоят Алоис Иоганн Шикльгрубер ва Клара Гитлер оиласида тўртинчи фарзанд дунёга келди. Бу боланинг туғилишини Клара Гитлер жуда интиқиб кутган эди. Сабаби 29 ёшли Клара икки йил ичида учта фарзандидан жудо бўлганди. Она ўз ўғлига Адольф деб исм қўйди. Чақалоқ онасига жуда ўхшарди. Адольф Гитлернинг онаси жиддий, оппоқ қиёфали, кўзлари катта-катта, эътибор билан боқувчи, меҳнаткаш аёл эди. 

Адольф ўзининг сабр тоқатли онасини яхши кўрар, у ҳам ўз навбатида учинчи ўғлини ўзининг севимли фарзанди деб ҳисобларди. Клара ўз ўғлига бор меҳрини беришга қарамай, Адольф жиззаки бола бўлиб улғайди. Бунга унинг отаси Алоиснинг золимлиги сабаб бўлди. Алоис Гитлер уч маротаба уйланган бўлиб, ичкиликка муккасидан кетган эди. У маст ҳолда уйга келиб, хотини ва болаларини дўппослаб, уларни ҳақорат қиларди. Гитлер ўз хотира дафтарларида отасининг маст бўлганида шафқатсиз, пулни совурувчи одам бўлгани ҳақида бир неча бор ёзган. Эҳтимол Фюрернинг бошқаларга бўлган жўшқин нафрати ўз отасига бўлган нафратидан келиб чиққандир.

1895 йилда ёш Гитлер Линц яқинидаги Фишльхам шаҳарчасидаги мактабга ўқишга боради. Ўта диндор бўлган Гитлернинг онаси ўғлини руҳоний бўлишини истарди. Шу мақсадда Клара 1897 йилда ёш Гитлерни Ламбахдаги бенедиктлар монастирига жўнатди. Бир куни роҳиб монастирь боғидаги дарёда чўкаётган бир болакайни қутқариб қолди. Бу болакай Адольф Гитлер бўлиб, бу қилмиши учун уни монастирдан ҳайдашди.

Очликдаги беш йил

1898 йилда Гитлернинг отаси Линц яқинидаги Леондинг қишлоғидан уй сотиб олди. Тез орада оила янги уйга кўчиб ўтади. Ёш Гитлер ўқишини Штейре мактабида давом эттирди. У ўша мактабда тарих муаллими Леопольд Петчдан немис халқининг тарихини ўрганади. Айнан Леопольт Петч ёш Адольфнинг онгига миллатчилик ғояларини сингдирди. Бироқ бўлажак Фюрер 16 ёшида мактабни ташлаб кетади.

1907 йилнинг январь ойида Адольф Гитлернинг онаси кўкрак саратони бўйича мураккаб операцияни бошидан ўтказади. Онасининг соғлиғи яхшилангач, Адольф ўша йилнинг кузида Вена шаҳрига йўл олди. Бироқ уни Венада омадсизлик кутиб олди. Гитлер Вена бадиий санъат академиясига кириш учун имтиҳондан ўта олмади. Бу ҳам етмаганидек, 1908 йилда онаси вафот этди. Фюрер учун бу қаттиқ зарба бўлди. Шундан сўнг, у Вена шаҳрида 5 йил давомида тиланчилик ва чизган суратларини сотиш билан кун кўрди.

Фюрер ўзининг хотира дафтарларида Венада ўтказган беш йили ҳақида шундай ёзади:

“Венадаги ғариблик ва кулфатдаги ғам чекишни ҳеч қачон унутиб бўлмайди. Бу беш йил ичида мен аввалига мардикор бўлиб, кейин эса расм чизиб яшаш учун пул топдим. Очлик ҳар доим менинг ҳамроҳим эди. У мени бир нафасга ҳам тарк этмасди”.

Биринчи жаҳон урушидаги иштирок

1913 йилнинг май ойида Адольф Гитлер Венани тарк этиб, Мюнхенга келади. Биринчи жаҳон уруши остонасида у ҳарбий хизматга бориш учун тиббий кўрикдан ўтади. Аммо Фюрер жуда нимжон бўлгани учун шифокорлар уни ҳарбий хизматга нолойиқ деб топади. 

1914 йил 28 июль куни Биринчи жаҳон уруши бошланди. Ватанпарвар Гитлер урушда қатнашиш учун, август ойида Бавария ҳукуматига уни армияга олишларини сўраб мурожаат қилди. Адольфни асосан кўнгилли талабалардан ташкил топган 16-Бавария пиёда полкига қабул қилишди. Бир неча ҳафталик ҳарбий машғулотлардан сўнг, у ҳам фронтга кетди. Аввалига у санитар бўлди, кейин эса бутун уруш давомида алоқачи вазифасини бажарди. Бўлажак Германия раҳбари тўрт йил давомида урушнинг энг қайноқ нуқталарида бўлиб, жами 47 та жангда қатнашади ва икки марта ярадор бўлади.

Уруш вақтида Фюрер жуда кўп маротаба ўлим билан юзма-юз келган. Қизиғи 1916 йил 7 январь куни Гитлер оёғидан яраланади ва ҳарбий госпиталга жўнатилади. Бир куни кечаси Адольф зарурат юзасидан ташқарига чиқади. Шу вақтда у ётган палаткага бомба келиб тушади. Бундан ташқари, 1918 йил уруш тугашига тўрт ҳафта қолганида Гитлер газ туфайли заҳарланиб, тўрт ой лазарет (ҳарбий шифохона)да ётади.

Уруш давомида Адольф Гитлер душман офицерини ва 15 та аскарини асирга олгани учун 1-даражали “Темир хоч” ордени билан мукофотланади. Бўлажак Фюрер оддий аскар унвонидан Ефрейтор (Германия армиясидаги ҳарбий унвон бўлиб, оғир вақтларда вақтинча отряд бошлиғи сифатида ҳаракат қилиши мумкин) даражасига кўтарилади.

Сиёсий фаолиятнинг ибтидоси

Германия Биринчи жаҳон урушида шармандали мағлубиятга учради. Ефрейтор бу мағлубиятнинг асосий сабаби деб Германияда инқилобни юзага келтирган, Веймар ва унинг тарафдорларини ҳисоблар ҳамда улардан нафратланарди. 1918 йилнинг охирида Гитлер Мюнхенга қайтиб келди. Тушкунликда юрган Адольф Гитлер яқин сафдошининг маслаҳатига кўра, немис ишчилар партиясига аъзо бўлади. Бу партия вакиллари ҳар куни Мюнхендаги Бюргербройкеллер пиво барида йиғилган. Ҳар кунги йиғилишда Фюрер нутқ сўзлаб, ўзига тарафдор йиға бошлади. Орадан икки йил ўтиб, унинг тарафдорлари Адольф Гитлерни партия раҳбари лавозимига кўтаришди. Фюрер партиянинг номини “Германия Миллий-Социалистик ишчи партияси” (НСДАП) деб ўзгартирди. 

Бўлажак Германия раҳбари янги партиянинг дастурини ишлаб чиқди. Гитлер қуйидаги ишларни амалга оширишни кўзлаган эди:

Биринчи – кучли немис империясини қуриш;

Иккинчи – Биринчи жаҳон урушидаги мағлубият учун Антанта давлатларидан ўч олиш;

Учинчи – немис миллатининг тоза ирқлилигини сақлаш ва уни энг олий ирқ сифатида кўтариш;

Тўртинчи – яҳудийларга қарши кураш олиб бориш.

Дастур шундай тузилган эдики, ҳокимиятдан норози бўлган ҳар бир кишини ўзига жалб қиларди. Ўша вақтда мамлакатда аҳвол анчагина оғир эди. Чунки Германия Антанта давлатларига катта миқдорда репарация (товон пули) тўлаши керак бўлган. Шу вазиятда Адольф Гитлер ўзининг жозибадор нутқи, оташин сўзлари билан минглаб инсонларни ўзига жалб эта олди. У нацистлар партиясига расмий белги сифатида Свастикани (учлари қайрилган хоч) ва “Хайль Гитлер” саломлашишни белгилади. Бундан ташқари, партиянинг йиғилишларини қўриқлаш учун Гитлер ўзининг яқин дўсти капитан Эрнст Рём раҳбарлиги остида ҳужумкор “Жигарранг кўйлаклилар” отряди (СА)ни ташкил қилди. Кейинчалик, CC “Қора кўйлаклилар” отряди тузилиб, бу гуруҳ Адольф Гитлернинг шахсий қўриқчилари бўлди. Бу гвардия қатъий интизомга асосланган бўлиб, унинг аъзолари сўнгги томчи қони қолгунча ўз Фюрери учун жанг қилишга қасамёд қилган.

Пиво исёни

1923 йилнинг январь ойида Франция Германиянинг Рур вилоятини босиб олди. Бу ҳам етмаганидек, 1923 йил 26 сентябрь куни янги канцлер Густав Штреземан Франциянинг барча шартларини сўзсиз қабул қилди. Бунинг натижасида мамлакатда иқтисодий ва сиёсий инқироз бошланди. Германиядаги ўнг қанот вакиллари ва коммунистлар ҳукуматга қарши чиқди. Шу вақтда Адольф Гитлер пойтахт Берлинга юриш қилишнинг айни вақти келганлигини тушуниб етди. Ўз режасини амалга ошириш учун уруш қаҳрамони генерал Эрих Людендорф билан келишиб, мамлакатда инқилоб эълон қилди. Бироқ инқилоб ҳукумат томонидан шафқатсизлик билан бостирилиб, унинг етакчилари қўлга олинди.

1924 йил 24 февраль куни Гитлер давлатга хиёнат қилишда айбланди. Суд залида унга сўз берилганида, Фюрер ўзининг нотиқлик қобилятини ишга солиб, шундай деди:

“Менинг фикрм шундай: мен француз қиличидан ўлгандан кўра, большевистик Германияда дорга осилишни маъқул кўраман. Ҳатто, бизни минг марта айбдор деб тан олсангиз ҳам тарихнинг абадий суди бизни оқлайди ва сизнинг судингизни қарорини масхара қилиб, улоқтириб юборади”.

Адольф Гитлерга беш йил қамоқ жазоси берилди. Унинг суд залида ўзини тутиши кўпчиликда кучли таассурот қолдирди. Шундан сўнг, одамлар Гитлерни қаҳрамон сифатида яхши кўра бошлади. Гитлер қамоқхонада тўққиз ой бўлди. Айнан қамоқда Фюрер ўзининг “Mein kampf” китобини Рудольф Гессга айтиб туриб, ёздирди. Бу китобда Гитлер Германияда амалга оширмоқчи бўлган дастур лойиҳасини баён қилган.

Китобнинг асосий ғояси ижтимоий дарвинизм эди. Унда ёзилишича, шахслар ҳам, миллатлар ҳам давом этаётган яшаш учун курашнинг субъектларидир. Германия фақат душманларига қарши шафқатсиз кураш олиб борсагина, яна буюк давлат бўла олади.

“Mein kampf” зерикарли китоб бўлишига қарамай, тез орада жуда машҳур бўлиб кетди. 1939 йили бу китоб ўн битта тилга таржима қилинди ва 5,2 миллион ададда чоп этилди.

Ўз лидеридан ажралган нацистлар партияси вақтинча тушкунликка тушиб қолди. 1924 йилнинг декабрь ойида ҳукумат халқ орасида обрўси ошиб кетган Адольф Гитлерни афв этишга мажбур бўлди. 

QALAMPIR.UZ Адольф Гитлернинг сирли ҳаётини ёритишда давом этади. Кейинги мақоламизда, Гитлернинг сиёсий майдонга кириб келиши, у юритган сиёсат ҳақида маълумот берамиз.
 


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

1706

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг