Жиззахда жиноятда айбланган мактаб “бухгалтери” ўзини осиб қўйгани маълум бўлди
3-саҳифа
−
04 Февраль 2022
15086Ижтимоий тармоқларда Жиззах шаҳридаги мактаблардан бирининг бош ҳисобчиси ўз уйида осилган ҳолда топилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Ушбу ҳолат юзасидан Жиззах вилояти прокуратураси муносабат билдирди.
Маълум бўлишича, Жиззах шаҳар халқ таълими бўлимига қарашли 22-сонли ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабининг (ИДУМ) 2010-2019 йиллардаги молиявий хўжалик фаолияти юзасидан ҳужжатли тафтиш ўтказилган. Тафтиш натижасига кўра, ИДУМ мансабдор шахслари томонидан қарийб 160 миллион сўмлик бюджет маблағлари ўзлаштириш ва растрата қилиш йўли билан талон-торож қилингани ҳолати юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилган.
Хабарда қайд этилган, 22-сонли ИДУМ бош ҳисобчиси О.Т. 2019 йил 21 ноябрда ўз ҳовлисининг ёрдамчи хонасида осилган ҳолда топилган. Ҳолат юзасидан Жиззах шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилган.
Унга кўра, ҳисобчининг ўлимида бирор-бир шахснинг ҳаракатларида жиноят таркиби бўлмаганлиги сабабли, 2019 йил 20 декабрда Ўзбекистон Республикаси Жиноят процесуал кодексининг 83-моддаси 2-бандига асосан жиноят иши қўзғатишни рад этиш ҳақида қарор қабул қилинган.
Жиноят ишининг О.Т.га нисбатан қисми унинг вафот этганлиги сабабли 2020 йил 30 июнда Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 84-моддаси 1-қисми 3-бандига асосан ҳаракатдан тугатилган.
Жиноят ишининг 22-сонли ИДУМ директори Д.С.ни айблашга доир қисми, унинг биринчи марта унча оғир бўлмаган жиноят содир этганлиги, айбига тўлиқ иқрорлиги, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон бўлиб, етказилган моддий зарарни тўлиқ қоплаганлиги сабабли, 2020 йил 30 июнда Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 84-моддаси 5-қисми 2-бандига асосан унинг айблилик масаласини ҳал қилмасдан туриб тугатилган.
Тергов ҳаракатлари натижасига кўра, 22-сонли ИДУМ директорининг хўжалик ишлари бўйича ўринбосари У.Йўлдошев Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 167-моддаси 2-қисми “а,б,в,г” бандлари ва 209-моддаси 2-қисми “а” банди билан айбланиб, жиноят иши судга юборилган ва унга нисбатан жиноят ишлари бўйича Жиззах шаҳар судининг 2020 йил 24 сентябрдаги ҳукми билан қонуний жазо чораси тайинланган.
LiveБарчаси