Жиззахда Республика ёш ижодкорларининг Зомин семинари бўлиб ўтди

Маданият-санъат

image

Жорий йилнинг 5-8 июль кунлари Жиззах вилоятининг Зомин туманидаги “Ўриклисой” оромгоҳида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ҳар йили ташкил этиладиган Республика ёш ижодкорларининг Зомин семинари бўлиб ўтди. 

Тўрт кун давом этган семинарда назм, наср, драматургия, бадиий публицистика, бадиий таржима, болалар адабиёти каби йўналишларида фаолият олиб борган тажрибали устозлар Республиканинг турли вилоятларидан келган жами 66 нафар ёш ижодкорларга маҳорат дарсларини ўтди.

Хусусан, бадиий публицистика йўналишида Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист, “Жаҳон адабиёти” журналининг муҳаррири Аҳмаджон Мелибоев ёшларга ҳақиқий журналист нималарга эътибор бериши кераклигини айтиб ўтиб, ўз тажрибаси билан ўртоқлашди.

“Журналистика — бу аниқ рақамлар, аниқ таҳлил. Масалан, бу ерда бир бино бор, деб тасаввур қилайлик. Ўша бино бирдан қулаб тушди. Энди шу воқеликни ёритиш керак. Ижтимоий тармоқлар фалон жойда бир бино қулади, жароҳат олганлар ва ҳалок бўлганлар бор, деб хабар беради. Бу ҳодисани телевидение кўрсатса, бинонинг қулаётган вақтини кўрсата олмайди. Телевидение воқеа содир бўлганидан сўнг келади. Агар журналист бу ҳолатни ёритмоқчи бўлса, бино нима сабабдан қулаб тушганини аниқлаши, ёритиши ва таҳлил қилиши керак. Журналист аниқ фактни ёзиши лозим.

Мана бу олма дарахтининг учидаги меваларга эътибор беринг. Бу ерда катта фалсафа бор. Жамиятдаги қарама қаршиликларни шу ҳолатга ўхшатиш мумкин. Дарахтнинг тагига сув қуйсангиз ҳосил катталашаверади, лекин вақт ўтиб мева шохни синдириб юбориши мумкин. Демак, одам ўз олдига мақсад қўйса бир меъёрда кетиши лозим. Бирдан одам билимдон бўлиб қолмайди, аста-секинлик билан ўсиб боради. Журналистнинг учта кўзи, учта қулоғи бўлиши керак”, дея таъкидлади тажрибали журналист Аҳмаджон Мелибоев.

Бу йилги семинарда ҳамкор ташкилотлар томонидан юборилган 9 нафар истеъдодли ёш ижодкор — анъанавий қўшиқ ижрочилари, бастакорлар, кинематография соҳаси ёш ижодкорлари, рассомлар (китобат санъати йўналишида таҳсил олаётган талабалар) ҳам иштирок этди. 

Семинар якунида ёш ижодкорларга эсдалик совғалари ва бир миллион сўм миқдорида пул мукофотлари топширилди.

Сардор Али Нурмат


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Баҳолаганлар

34

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг