Жиззахда қарийб 700 млн топган молиявий пирамида ташкилотчилари ушланди
3-саҳифа
−
18 Май 2022
8972Жиззах шаҳрида молиявий пирамидани тарғиб қилиш орқали фуқароларнинг 692,3 млн сўмини қўлга киритган шахслар ушланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Жиззах шаҳрида яшовчи фуқаролар Ю. М., Ш. И. ва бошқалар 2022 йилнинг март ойида Instagram ижтимоий тармоғи орқали Gift Of Legacy номли ўйинни ўтказиб, ташкилотчиларнинг пластик картасига камида 200 минг сўм ёки 50 АҚШ доллари миқдоридаги маблағни ўтказиб берса, қисқа муддатда ушбу маблағни 7−8 баробарга кўпайтириб беришни ваъда қилган.
Улар Telegram мессенжерида “200 минг сўмлик ва 50 АҚШ долларлик онлайн гап” номли гуруҳни ташкил этиб, ўйин иштирокчиларининг 692,3 млн сўмини ўзлари ва танишларининг пластик карталарга ўтказиб олишга эришган. Пул маблағларининг бир қисмини эса кейинги иштирокчилар ҳисобидан дастлабки иштирокчилар ҳисобига ўтказиб берган.
Хабарга кўра, мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 188−1-моддаси (пул маблағларини ва (ёки) бошқа мол-мулкни жалб этишга доир ноқонуний фаолият) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
LiveБарчаси