Жиззахда депутатлардан вилоят ҳокимига савол бермаслик талаб қилинди

Жамият 6733
image
-

Ижтимоий тармоқларда Халқ депутатлари Жиззах вилояти кенгаши сессиясида депутатлардан расмий формада, телефонларсиз келиши ҳамда вилоят ҳокими Эргаш Солиевга савол бермаслик талаб қилингани айтилган хабар тарқалди.

Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаевнинг ёзишича, вилоят кенгаши сессиясида ҳокимга савол бермаслик ва телефон бўйича чекловга оид талаблар вилоят кенгаши котибияти мудирининг ташаббуси билан қилинган. 

“Котибият мудири бўлган депутатнинг ўзи депутатларга чеклов ўрнатмоқчи”, деган Расул Кушербаев. 

Кеча, 19 декабрь куни мазкур ҳолат юзасидан вилоят Кенгаши котибияти расмий муносабат билдирди.

Қайд этилишича, Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг регламентига асосан, депутатлар депутатлик одоби ва талабларидан келиб чиққан ҳолда ўтказиладиган сессияларга расмий кийимда келиши керак.

Сессия йиғилиши вилоят телевиденияси ҳамда ижтимоий тармоқларда тўғридан-тўғри ёритилишини инобатга олган ҳолда йиғилишга ҳалақит бермаслик учун телефон овоссиз ҳолатга келтириш тавсия этилган. Айрим туманларнинг узоқлиги сабаб регламентга асосан, депутатларнинг сессия йиғилишига кечикиб келишига йўл қўймаслик учун эслатилган.

Шунингдек, Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари регламентининг 61-моддасига асосан, вилоят ҳокими ҳар йили вилоят Кенгашига ҳудуд ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг энг муҳим ва долзарб масалалари юзасидан ҳисобот тақдим этиши ҳам айтиб ўтилган.

Мазкур муносабат эълон қилингандан сўнг, Расул Кушебаев “расмий кийим” борасидаги талабга тушунмаганини таъкидлади.

“Депутат мактаб боласи эмас, у минглаб одамлар томонидан сайланган, мустақил шахс. Оқ кўйлакда кел, телефонни ўчириб кел, саволсиз кел, каби гаплар мактаб боласига айтилади. Ўзи “Кенгаш раиси масаласи” ҳал бўлмагунча маҳаллий депутатлар ишида ўнгланиш бўлмаслиги кўриниб турибди”, дея изоҳ қолдирди Кушебоев ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.

Юлдуз Абдурашидова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 345
Рейтинг: 3.1
t
×