“Жиззахча тендер”: хиёнатда айбланган ҳоким ўринбосарига жиноий иш очилди
Жамият
−
22 Январь 2021
9186Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ва Ҳисоб палатаси томонидан Жиззах вилоят ҳокимлиги “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияси буюртмачилигидаги қурилиш объектларида давлат харидлари, давлат мулкини бошқариш ҳамда ундан фойдаланишда қонун ҳужжатларига риоя этилиши ўрганилган. Бу ҳақда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги хабар бермоқда.
Ўрганишларда Молия вазирлиги Давлат молиявий назорати департаменти, ҳудудий Монополияга қарши курашиш бошқармаси, Давлат солиқ бошқармаси, Қурилиш вазирлиги ва бошқа соҳа мутахассислари ҳам иштирок этган.
Ишчи гуруҳи томонидан Жиззах вилоят архитектура ва қурилиш бошқармаси маъмурий биносининг қурилиши юзасидан ўтказилган танлов ҳужжатлари ўрганилганида, харид комиссияси аъзолари зиммасига юклатилган вазифаларни талаб даражасида бажарилмагани, танлов иштирокчилари ва комиссия аъзолари ўртасида аффилланганлик хусусиятига эга алоқалар мавжудлигини била туриб, бунга қонуний муносабат билдирмагани ва ҳужжатларни сохталаштиргани аниқланган.
Танлов комиссияси аъзолари қурилиш объекти бўйича танловда иштирок этган барча талабгорларнинг (“Qurilish ta’minoti” кўп тармоқли ишлаб чиқариш корхонаси, “Kamol” кўп тармоқли қурилиш корхонаси ва “Abduvohid Qurilish Ta’mir” МЧЖлар) 100 фоиз улуши танлов комиссияси раиси (вилоят ҳокимининг собиқ ўринбосари) А.Р. нинг яқин қариндошларига тегишли бўлганини била туриб, бунга бирон-бир қонуний муносабат билдирмаган ва баённомага бу ҳақдаги маълумот киритилмаган.
Шунингдек, танлов ҳужжатларини ўрганиш давомида ғолиб деб топилган “Qurilish ta’minoti” кўп тармоқли ишлаб чиқариш корхонаси мансабдор шахслари танловда ноқонуний ғолибликни қўлга киритиш мақсадида корхона молиявий кўрсаткичлари, ишчи ходимларнинг қурилиш соҳасидаги маълумоти ва иш тажрибаси, шунингдек, танловда юқори балл олишда инобатга олинадиган маълумотларни қасддан ошириб кўрсатилгани аниқланган.
Мазкур ҳолатларга ҳужжатларни кўриб чиққан харид комиссияси аъзолари қонуний муносабат билдириш ўрнига, йиғилиш баённомаларига сохта ёзув ва маълумотларни киритиш йўли билан қалбакилаштириб, корхонани асоссиз ғолиб деб топгани маълум бўлган.
Юқоридагиларнинг натижасида, танловда ноқонуний ғолиб бўлган “Qurilish ta’minoti” кўп тармоқли ишлаб чиқариш корхонаси томонидан маъмурий бинонинг қурилишида бажарилмаган 1 млрдга яқин (905 млн сўм ёки объект умумий қийматининг 8 фоизи) қурилиш ишларини тўловга асос бўлган ҳужжатларида қўшиб ёзиб киритиб, шу миқдордаги давлат бюджети маблағлари талон-торож қилинганлиги маълум бўлган.
Агентлик томонидан ўрганиш якунлари бўйича тўпланган ҳужжатлар қонуний баҳо берилиши учун Жиззах вилоят прокуратурасига юборилган.
Мазкур ҳужжатлар бўйича прокуратура томонидан ўтказилган терговга қадар текшириш якунлари бўйича Жиззах вилоятида қурилишда танлов савдолари ва нархларни шакллантириш комиссияси раиси А.Р. га, шунингдек, комиссия ва бошқа ташкилотлар, хусусий корхоналар мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми “а” банди ва 205-моддаси 2-қисми “а” банди, 209-моддаси ва 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Ҳолат юзасидан келгусида қўшимча ахборот тақдим этилади.
Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев Жиззах вилояти ҳокимининг қурилиш бўйича ўринбосари ҳозирги сиёсатга хиёнат қилганликда айблаганди.
LiveБарчаси