Жинсини ўзгартирган ньюсмейкер ўз жонига қасд қилди

Олам 13909
image

“WikiLeaks” нашрининг собиқ хабарчиси Челси Мэннинг ўз жонига қасд қилишга уринишдан сўнг шифохонага ётқизилди. Бу ҳақда унинг адвокати маълумотига таяниб, “New York Times” хабар бермоқда.

Мэннинг 2019 йилнинг май ойидан бери Виржиния штатининг Aлександрия шаҳридаги тергов ҳибсхонасида қолмоқда. Шаҳар маъмуриятининг тасдиқлашича, у кеча, 11 март куни ҳибсхонада ўз жонига қасд қилган. “Айни пайтда у хавфсизликда”, деди шаҳар шерифи.

"Унинг бу хатти-ҳаракати доимий чекаётган азобларининг самарасидир", дейди адвокат.

Маълумот ўрнида, Виржиния штати суди Мэннингни 2019 йилнинг май ойида ҳибсга олиш учун қарор чиқарди. Бунга қадар у кўрсатув беришдан бош тортгани учун икки ой қамоқхонада ўтирган эди. Суд Мэннинг айнан нима ҳақида гувоҳлик бериши зарурлигини маълум қилмаган. Аммо у ва адвокатларининг хабар беришича, гап “WikiLeaks”га қарши қаратилган айблов ҳақида бормоқда.

Америкалик ҳарбий Брэдли Мэннинг 2010 йил май ойида Ироқда ҳибсга олинган. У “WikiLeaks” сайтига тинч аҳолининг ҳаётига зомин бўлган авиазарбалар, Aфғонистон ва Ироқдаги уруш жабҳаларида юз берган воқеалар, Гуантанамо қамоқхонасидаги маҳбуслар тўғрисида минглаб хабарлар жўнатган. Таъқиблардан сўнг у жинсини ўзгартириб, Челси Мэннинг номини олган эди.

Трибунал 2013 йилда унга 35 йиллик қамоқ ҳукмини ўқиди. АҚШнинг собиқ Президенти Барак Обама лавозимини тарк этишидан аввал бу ҳукмни енгиллаштирди. Мэннинг 2017 йилнинг май ойида қамоқхонадан озод этилган эди.

Сарвар Анвар ўғли
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 570
Рейтинг: 2.9
Теглар
t
×