Ўзбекистонда айрим қамоқ шартлари ўзгармоқда

Жамият

image

Энди манзил-колонияда жазони ўташ даврида жиноят содир этиб, суд томонидан озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилинган маҳкумлар манзил-колонияга ўтказилмайди. Бу масала Олий Мажлис Сенатининг ўттиз еттинчи ялпи мажлисида муҳокама қилинди.

Сенаторлар “Ўзбекистон Республикаси Жиноят ҳамда Жиноят-ижроия кодексларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонунни кўриб чиқаркан бугунги кунда манзил-колониясида жазо муддатини ўтаётган маҳкумларнинг жазони ўташ жойларини ўзбошимчалик билан тарк этиш ҳолатлари содир этилаётгани, бироқ бундай маҳкумларга нисбатан қатъий жазо чоралари белгиланмаганлиги, манзил-колониясига ўтказилган оғир ва ўта оғир жиноят содир этган маҳкумлар томонидан жазони ўташ даврида бир қатор оғир ва ўта оғир турдаги жиноятларни қайта содир этиш ҳолатлари кузатилаётгани муҳокама қилинди.

“Жиноят-ижроия кодекси янги 1121-модда билан тўлдирилиб, унга кўра сақлаш режимини ашаддий бузувчи маҳкумларга нисбатан манзил-колониядан умумий тартибли колонияга, умумий, қаттиқ ёки махсус тартибли колониялардан турмага ўтказиш, манзил-колониядан умумий ёки қаттиқ тартибли колонияга, қаттиқ тартибли колониядан махсус тартибли колонияга, колониялардан турмага қайтариш тўғрисида судга тақдимнома киритилиши белгиланмоқда.

Манзил-колонияда жазони ўташ даврида сақлаш режимини ашаддий бузганлик учун умумий тартибли колонияга ўтказилган ҳамда умумий ёки қаттиқ тартибли колонияга қайтарилган маҳкумлар, бу ҳақда суд ажрими чиққан кундан бошлаб камида икки йил мобайнида, шунингдек, манзил-колонияда жазони ўташ даврида жиноят содир этиб, суд томонидан озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазога ҳукм қилинган маҳкумлар манзил-колонияга ўтказилмаслиги белгиланмоқда”, дейди Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси  Наримон Умаров.

Маълумотларга кўра, 2021 йилда манзил-колонияда жазо муддатини ўтаётган 15 нафар маҳкум томонидан оғир ва ўта оғир турдаги жиноятлар содир этилган бўлса, 2022 йилда 77 нафар маҳкум шундай турдаги жиноятни содир этган.

“Эндиликда маҳкумларни манзил-колонияга ўтказиш муддатлари узайтирилади. Ҳозирги кунда маҳкумлар оғир жиноятлар учун – жазонинг камида учдан бир қисмини, ўта оғир жиноят учун камида ярмини ўтаганидан сўнг манзил-колонияга ўтказилади. 

Киритилаётган ўзгаришларда эса, маҳкумларни жазони ўташ муддатидан илгари шартли озод қилиш – оғир жиноятлар учун жазонинг камида учдан икки қисмини ўтаганидан сўнг, ўта оғир жиноятлар учун эса камида тўртдан уч қисмини ўтаганидан сўнг қўлланилиши белгиланмоқда”, дея қўшимча қилди Сенатор Наримон Умаров.

Шунингдек, Қонун билан киритилаётган ўзгартиришларга асосан жазони ижро этиш муассасаси ҳудудини ўзбошимчалик билан ташлаб кетган маҳкумларни сақлаш режимини ашаддий бузувчи деб топиш учун асос бўладиган 24 соатлик муддат 12 соатгача қисқартирилиб, жазони ўташ тартибини бузганлик учун навбатдаги учрашувдан маҳрум этиш тарзидаги жазо чораси белгиланмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг