Жигар трансплантацияси: 28 ёшли аёл турмуш ўртоғига донорлик қилди

Жамият 5511
image

Тошкентнинг Учтепа туманида яшовчи 32 ёшли Ўктам Aҳмедовга аёли, 28 ёшли Фарангиз Аҳмедованинг жигаридан бир бўлаги кўчириб ўтказилди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берди.

Операцияга бошчилик қилган хирург, профессор Миршавкат Акбаровнинг таъкидлашича, дастлабки текширувларда беморнинг акаси донорликка тайёрланаётган бўлган. Лекин текширувлар анатомик хусусиятлари туфайли унинг жигаридан ўнг бўлагини олиш мумкин эмаслигини кўрсатган. Кейин эса беморнинг турмуш ўртоғи текширилиб, жигарнинг ўнг бўлагини олиш учун барча кўрсаткичлар мос келган.

Қайд этилишича, операция техник қийинчиликлар билан 14 соат давом этган бўлишига қарамасдан, барча жараёнлар ижобий якунланган. Ҳозирги пайтда беморнинг аҳволи барқарор деб баҳоланмоқда, донор эса палатага ўтказилган.

“Кўз олдингда турмуш ўртоғингнинг касалликдан сўлиб бораётганини, бундан фарзандларинг ҳам эзилаётганини кўриш аёл киши учун жуда оғир. Беш йилдирки, турмуш ўртоғим жигар хасталигидан азият чекади. Шу вақтгача жуда кўплаб шифохоналарда даволаниб, турли муолажалар олди, лекин фойдаси бўлмади.

Сўнг шифокорлар турмуш ўртоғимнинг касалликдан тўлиқ соғайиб кетиши учун жигар кўчириб ўтказиш жарроҳлик амалиётини ўтказиш зарурлигини айтдишди. Атрофдаги кўпчилик бунинг учун Ҳиндистонга бориш кераклигини ва амалиёт анча қиммат эканини айтди. Бундан тушкунликка тушгандик. Кейин эса мана шу шифохонада бундай амалиёт ўтказиш йўлга қўйилганидан, дастлаб бундай операцияни бошдан ўтказган беморларнинг аҳволи жуда яхши эканидан хабар топдик. 

Шифохонага ордер орқали келганимиз учун маблағ масаласида ҳам ҳеч қандай муаммо бўлмади. Ушбу муассасада турмуш ўртоғимга жигаримнинг бир бўлагини кўчириб ўтказишди. Операциядан яхши чиқдик. Ҳозирда турмуш ўртоғимнинг ҳам, менинг ҳам аҳволимиз яхши. Ўзим юряпман, овқатланяпман”, дейди донор Фарангиз Аҳмедова.

Аёлнинг сўзларга кўра, бир-икки кунда Ўктам Aҳмедов палатага олинади. Фарангиз Аҳмедова шифокорларга миннатдорлик билдирган. 

Таъкидланишича, бу – Ўзбекистонда амалга оширилган ўнинчи, ўзбек шифокорлари томонидан мустақил равишда ўтказилган иккинчи ортотопик жигар трансплантацияси амалиётидир.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 267
Рейтинг: 3
t
×