Жек Ма бир неча ойдан сўнг илк бор жамоатчиликка кўриниш берди
Олам
−
27 Март 2023
6268Alibaba компанияси асосчиси, хитойлик миллиардер Жек Ма бир неча ой ичида илк бор жамоатчиликка кўриниш берди. Бу ҳақда “The Guardian” хабар берди.
Қайд этилишича, миллиардер Alibaba компаниясининг бош қароргоҳи жойлашган Шарқий Хитойнинг Ханчжоу шаҳридаги Юнгу мактабига борган. Ма компания томонидан молиялаштириладиган мактабда экани акс этган суратларни ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасига жойлаштирган.
Юнгу мактабининг WeChat ижтимоий медиа каналида эълон қилинган мақолада айтилишича, у мактабга борган вақтда ChatGPT чатботининг потенциал имкониятларини муҳокама қилган ва бир кун келиб яна ўқитувчиликка қайтиш истагини билдирган. Айтиш жоиз, миллиардер Alibaba'га асос солишидан аввал инглиз тили ўқитувчиси бўлиб ишлаган.
Эслатиб ўтамиз, Ма 2020 йил Хитой банк тизими ва регуляторини танқид қилганидан сўнг унинг ҳукумат билан муносабатлари совуқлашганди. Хитой ҳукумати ўша йилнинг ноябрь ойида унинг Ant Group IPO'сини тўхтатиб қўйган. Кейинроқ Alibaba'га нисбатан монополия текшируви ўтказилган ва компания Хитой тарихидаги энг катта – 18,23 миллиард юан (2,64 миллиард доллар) миқдорида жаримага тортилганди.
Ўшандан бери Bloomberg'нинг миллиардерлар индексига кўра, 33 миллиард доллар миқдоридаги бойликка эгалик қилувчи Жек Ма бир муддат ғойиб бўлганди. Ўтган йилнинг ноябрь ойида “Financial Times” газетаси у Токиода яшаётгани ҳамда Австралия ва Таиландда ҳам суратга тушгани ҳақида хабар берганди.
Хитойнинг энг кўзга кўринган ишбилармонларидан бирининг узоқ вақтга йўқ бўлиши Хитой Коммунистик партиясининг саноат устидан ҳукмронлик қилаётгани сифатида кўрилди. Манинг Хитойга қайтиши мамлакат ҳукуматининг компанияларга нисбатан босимни юмшатганини англатиши мумкинлиги тахмин қилинмоқда.
Нодиржон Мадаминов
LiveБарчаси