ЖЧдаги асосий мақсадимиз тажриба тўплаш – Каннаваро

Спорт

image

Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Фабио Каннаваро Жаҳон чемпионатидаги асосий мақсад тажриба тўплаш ва кейинги Осиё Кубогида муваффақиятли иштирок этиш эканини маълум қилди. Бу ҳақда италиялик мутахассис “The Guardian” нашрига берган интервьюсида айтиб ўтди.

“Мен Италияда қолишни истаган эдим, бироқ Ўзбекистон терма жамоаси ва Жаҳон чемпионатида қатнашиш имконияти пайдо бўлди. Осиёдаги бошқа терма жамоалардан ҳам таклифлар бўлган, аммо мен уларни ҳатто кўриб чиқмадим. Ўзбекистон жуда ёш ва истеъдодли жамоага эга”,  дейди Каннаваро.

Мураббий ЎФА томонидан мамлакат бўйлаб футбол академиялари фаолиятига катта эътибор қаратилаётганини ва уларда сифатли футболчилар етишиб чиқаётганини алоҳида таъкидлади.

“Ўзбекистон томони биз мураббийлар штаби бир ой давомида кунига Суперлиганинг 1–2 та ўйинини томоша қилганимиздан ҳайратда қолди. Улар бунга ўрганмаган эди. Одатда мураббийлар бир неча ўйинни кўриб, кетиб қолишарди. Биз эса 40 кун давомида ишладик, кўп сафар қилдик ва лойиҳага чуқур киришни истадик”,  дейди мутахассис.

Шунингдек, Каннаваро Ўзбекистон Суперлигасидаги ўйин суръати Жаҳон чемпионати даражасидан сезиларли даражада паст эканини ва бу тафовутни қисқартириш зарурлигини таъкидлади.

“Италиядан келганимиздан бери Тошкентда яшаяпмиз. Бу  тарихий ва замонавий ҳудудлари уйғунлашган, тез ривожланаётган халқаро шаҳар. Одамлари жуда очиқ ва меҳмондўст. Биз тез мослашдик. Самарқандга ҳам бордик. Бу шаҳар ҳам ниҳоятда гўзал”,  дейди мураббий.

Бироқ италиялик мутахассис Тошкентдаги ҳаво ифлосланиши пойтахтнинг жиддий муаммоларидан бири эканини ҳам айтиб ўтди.

“ЖЧ-2026 даги асосий мақсадимиз тажриба тўплаш. Орадан ярим йил ўтиб Осиё Кубоги бошланади. Ана ўшанда қанчалик узоққа бора олишимизни аниқ тушуниб оламиз. Олдинги мураббийларнинг меҳнатини инкор этмоқчи эмасман  айнан улар жамоани Жаҳон чемпионатига олиб чиқишди. Менинг вазифам эса бу натижаларни янада яхшилаш ва футболга бироз европача маданият олиб киришдир”, дейди Каннаваро.

Шунингдек, у Ўзбекистон терма жамоаси футболчилари билан асосан инглиз тилида мулоқот қилишини ва футболчилар уни яхши тушунишини айтиб ўтди. Каннаваро Ўзбекистон Суперлигасини ривожланиш салоҳияти юқори бўлган, бироқ ҳали ўсишга муҳтож чемпионат сифатида баҳолади.

Эслатиб ўтамиз, Жаҳон чемпионатининг гуруҳ босқичига қуръа ташлаш маросимида Ўзбекистон миллий терма жамоаси Португалия, Колумбия ва Ямайка/Конго/Янги Коледония ўтиш ўйини ғолиби билан бирга “K” гуруҳидан жой олган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Ўзбекистон Жаҳон чемпионати Фабио Каннаваро

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг