ЖЧ финали чипталари нархи кескин қимматлади
Спорт
−
03 Апрель 909 1 дақиқа
FIFA Жаҳон чемпионати финали учун чипталар нархи учинчи сотув тўлқинида кескин кўтарилди. Бу ҳақида “Goal” нашри хабар берди.
Ўтган йили октябрь ойида сотувга чиққан чипталар сотувининг биринчи тўлқинида финал ўйини учун нархлар 2030 АҚШ долларидан 6070 АҚШ долларгача сотилган. Аммо FIFA’нинг динамик нарх белгилаш тизимидан фойдаланаётгани сабабли иккинчи ва учинчи сотув тўлқинида нархлар кескин кўтарилган. Декабрь ойидаги сотувларда мундиалнинг ҳал қилувчи ўйини нархлари 4185-8680 АҚШ доллари оралиғида белгиланган бўлса, яқинда сотувга чиққан учинчи тўлқинда энг қиммат ўринлар 10 900 АҚШ долларига баҳоланган, энг арзон чипталар эса 5785 АҚШ долларини ташкил этади.
Шунингдек, бошқа ўйинлар учун ҳам нарх юқори. Масалан, АҚШ миллий терма жамоасининг 13 июнь куни Парагвайга қарши учрашуви учун чипталар 2735 АҚШ долларига баҳоланган ва сотувда 1000 дан ортиқ ўрин мавжуд. FIFA эса бундай нархларни Америка бозорига мос ва талаб юқори эканини айтиб, Жаҳон чемпионати даромади футболни ривожлантиришга сарфланишини таъкидлаган.
Эслатиб ўтамиз, Европанинг истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи Euroconsumers ҳамда Европа футбол мухлислари уюшмаси FIFA устидан Европа комиссиясига шикоят қилгани хабар қилинганди.
Рамазон Усанов
Live
Барчаси