ЖЧ дардида ўртанган ўзбек. Мундиал орзулигича қоладими?

Спорт 7492

Тўрт йилликнинг энг йирик спорт турнирларидан бири футбол бўйича Жаҳон чемпионати (ЖЧ) баҳслари старт олмоқда. Қатардаги Жаҳон чемпионати тарихдаги энг қиммат футбол мусобақасига айланди. Шунингдек, бу галги ЖЧ олдингиларидан жуда кўп жиҳатлари билан фарқ қилади. Гарчи, Ўзбекистон терма жамоаси мундиални ўтказиб юборса-да, мусобақани томоша қилиш учун жуда кўп асослар бор. Қатар мундиали Месси ва Роналду учун фаолиятидаги охиргиси бўлади. Шунингдек, чемпионатда ҳар қачонгиндан кучли термалар йиғилган. 

Ўзбекистонда йирик турнир трансляциясини Миллий телерадиокомпания (МТРК) таркибига кирувчи телеканаллар амалга оширади. “Спорт” телеканали шарҳловчиси Ориф Толипов тарихий мундиал мухлисларга кўп жиҳатдан “даҳшатли” тўқнашувларни ваъда қилаётганини яшириб ўтирмади. QALAMPIR.UZ истеъдодли шарҳловчи билан Қатар мезбонлик қиладиган Жаҳон чемпионати ҳақида суҳбат қурди.

Ушбу видеоинтервьюни юқоридаги видеоплеерда ёки QALAMPIR.UZ’нинг YouTube каналида томоша қилишингиз мумкин.

Қуйида ушбу интервьюнининг матнини ўқиш имкони мавжуд. 

Шаҳзод Шукуров, мухбир: — “Спорт” телеканалида Жаҳон чемпионати учун қандай дастурлар тайёрланмоқда ва телеканалнинг мундиалга оид кўрсатувларида бевосита сизнинг иштирокингиз қанақа бўлади?

Ориф Толипов, футбол шарҳловчиси: — МТРК Жаҳон чемпионатининг 64 та ўйинини жонли эфирда намойиш қилишдан ташқари, ЖЧ вақтида студия кўрсатувлари, кундалик дастурлар, “highlights”лар ва информатик, бундан ташқари таҳлилий кўрсатувларни эфирга беришни режа қилган. Кўрсатувлар классик кўринишда, лекин албатта, янгиликлар ҳам бўлади. Формат турли хил кўринишда бўлиши режалаштирилган ва мен кўрсатувларда ҳам, шарҳларда ҳам иштирок этишим кўзда тутилган.

Ш.Ш.: — Футбол шарҳловчилигида чўққи нима? Бирорта ўйинни шарҳлашми ёки...

O.T.: — Агар ўйин эътибори билан қарайдиган бўлсак, бу миллий терма жамоа иштирокидаги баҳс бўлиши мумкин. Терма жамоа ўйинларини шарҳлашгача етиб бориш юқори нуқта ҳисобланади, лекин аслида футбол атрофидаги мухлислар эътиборида бўлиш, уларнинг меҳрини қозониш муҳим. Шарҳловчи терма жамоа даражасидаги ўйинларга мухлисларнинг меҳри билан етиб боради. 

Ш.Ш.: — Ўзбек футболининг бугунги ҳолатига қараб, қачон Ўзбекистон аҳолиси ҳам мундиалда ўз ватанига мухлислик қилади деб ўйлайсиз?

O.T.: — Бу саволга ҳамманинг ўз жавоби бор. Масалан, менинг жавобим ҳам кимнингдир жавобидан кескин фарқ қилмаслиги мумкин. 48 та жамоа иштирок этадиган келаси мундиалда иштирок этишимиз мумкин. Тўғри, шундаям пессимистик фикрда бўлаётганлар бор. Осиёга саккиз плюс квота берилса, Ўзбекистон шуларнинг ичида бўлишига юз фоиз ишончим йўқ, лекин ҳар ҳолда, тўрт плюс квотадан кўра имкониятимиз катта бўлиши аниқ. Шу вақтгача биз мундиалга жуда яқин келганмиз, аммо охирги саралашда ҳал қилувчи босқичга ҳам ўта олмадик, демак қандайдир муаммо бор. 

Ҳамма ўзбек футболининг ҳолатини яхши билади, бироқ мақсад ўлароқ ЖЧга чиқшни эмас, ЖЧда доимий иштирок этадиган мамлакат даражасини мақсад қилиш керак. Масала Жаҳон чемпионатига чиқишда эмас, мундиалга чиқиш керак, лекин доимий иштирок этадиган даражадаги жамоа бўлишимиз зарур. AFC (Осиё футбол конфедерацияси)дан ҳар доим мундиалга чиқадиган, футболи кучли, иқтидорли футболчилари кўп, тизими йўлга қўйилган футболни мақсад қилиш керак, шунда натижа бўлаверади.

Ш.Ш.: — Қатардаги мундиал баҳслари аввалги Жаҳон чемпионатларидан қайси жиҳатлари билан кўпроқ фарқ қилади?

O.T.:  — “Қатардаги Жаҳон чемпионати аввалгиларидан кескин фарқ қилади ва у тарихий бўлади”. Бу мени эмас FIFA президенти Жаннни Инфантинонинг сўзлари. ЖЧ қуръа ташлаш маросимида Инфантино мундиални ана шу гаплар билан анонс қилди. Бу гапларни ҳамма катта мусобақаларнинг “шаблон” гаплари дейиш мумкин, лекин ҳозирнинг ўзида бу мундиал тарихга кириши аниқ, чунки бу мундиал ноябрь-декабрь ойларида бўлиб ўтаётган биринчи йирик турнир ҳисобланади. Аввалги ЖЧлари ёзда ўтган ва табиийки, икки мавсум ўртасида ҳамманинг эътибори мусобақага қаратилган. Европада жуда кўп мамлакатларда мавсум майнинг охирида якунига етса, то июнь ва июль ойларида бўладиган Жаҳон чемпионатигача камида икки ҳафта ёки бир ойга яқин вақт бўларди, яъни футболчилар бироз дам олиб, кейин яна терма жамоада машғулот ўтказиб, қизишиб олиб, кейин яна катта турнирга етиб боришларди. Ҳозир эса ундай эмас. Кўпгина клуб мураббийлари нолишни бошлаб юборишди. Улар айтишяптики, футболчилар терма жамоа ўйинларига ўзларини асрашяпти. 

Бу мундиалнинг олдинги ЖЧлардан яна бир фарқли жиҳати шундаки, бу галги чемпионатда кучли жамоалар кўп. Европа ҳар доимгидек кучли, буни ҳамма билади, лекин Африка терма жамоаларини оладиган бўлсак, мисол учун Сенегал, ҳатто, Садио Манесиз бўлса-да, ёки Марокашда ҳам юлдузли футболчилар анчагина йиғилиб қолган. Худди шу фикрларим Осиёга ҳам тегишли. Демоқчиманки, иккиламчи, сояда юрган терма жамоалар анча кучайиб қолган.

Ш.Ш.: — Италия ўз тарихида биринчи бор иккита кетма-кет Жаҳон чемпионатида қатнашмайдиган бўлди. 2018 йилги Россияда ўтган мундиалда ҳам “адзурра” иштирок этмаган. Италиясиз мундиал қандай ўтади деб ўйлайсиз ва Италия футболи мухлислари энди қайси термага мухлислик қилади?

O.T.: — Италия футболи мухлислари қайси терма жамоага мухлислик қилишини тахмин қилиш жуда қийин. Гап мамлакат терма жамоаси ҳақида кетмоқда. Агарда клублар миқиёсида олганимизда, мисол учун "Манчестер Сити", бирорта турнирда ўйнамаса, мухлис “шаҳарликлар” услубига ўхшаб тўп тепадиган жамоага эътибор қаратиши мумкин. Лекин терма жамоа ҳақида гап кетаркан, менимча, Италия футболи мухлислари балки Аргентинага мухлислик қилишар. Чунки икки мамлакат ўртасида тарихий яқинлик бор.  Италиясиз Жаҳон чемпионати эса 2018 йилдаги каби ўтади. 

Италия футболида қандай муаммо бор шуни ўйлаш керак. “Адзурра” орада Европа чемпионатини ютяпти, олтин авлод шаклланган ва мағлубиятсиз серияси бор, аммо жамоа Шимолий Македонияни юта олмаяпти. Иккита ЖЧни ўтказиб юбориш – бу катта. Италияни ЖЧга чиқа олмагани мазкур терманининг Европадан мундиалда қатнашаётган бошқа жамоалардан кучсизлигини англатмайди. Албатта, Италия мундиалда ўйнаса яхши бўларди,  лекин дунё Италиясиз ўтадиган Жаҳон чемпионатига ўрганиб қоляпти.

Ш.Ш.: — Кўпгина вундеркиндлар Жаҳон чемпионатида кашф этилиши кутилмоқда. Сизнингча, қайси футболчилар Қатар мундиали кашфиётига айланади?

O.T.: — Беллингемни айтишяпти, лекин тахмин қилиш қийин. Европа клубларида ўйнаб юрган кўплаб ёш юлдузлар ўз терма жамоасида очилиши кутиляпти. Баъзи терма жамоаларда ёш футболчиларнинг улуши кўпроқ. Масалан Германияда ва Нидерландияда ана шундай ҳолатни кўриш мумкин. Кеча Португалия термаси иштирокидаги ўйинни шарҳладим, Антонио Сильва деган марказий ҳимоячисини ўйнатди. Биласиз, Португалия марказий ҳимоясида Рубен Диаш, Данило Перейра, Пепе бор, лекин мураббий 2001 йилда туғилган футболчини майдонга туширди ва у зўр ўйнади. Антонио Сильвада ўта тажрибали ҳимоячиларнинг руҳини кўриш мумкин. Биз кашфиётларни фақат ҳужумда ўйнайдиган, гол урадиган футболчилардан излашимиз тўғри эмас.
 
Ш.Ш.: — Бу йилги Жаҳон чемпионати Месси ва Роналду учун жуда катта эҳтимол билан охиргиси бўлади. Умуман, Португалия ва Аргентина термаларининг таркиби ва жамоаларнинг умумий ҳолатидан келиб чиқсак, сизнингча, қайси жамоа узоқроққа бора олади?

O.T.: — Месси ва Роналдусиз ҳам иккала терма жамоанинг таркиби жуда кучли. Тўғри, Месси ва Роналду ўйин тақдирини аксар ҳолларда белгилаб беради, лекин уларсиз ҳам терма жамоалар юлдузли. Фикримча, Португалия терма жамоасида  ярим ҳимоя кучлироқ. "Европа бразилияси" марказида ўйнайдиганлар нафақат Аргентинадан кучлироқ, балки мундиалдаги энг кучли ярим ҳимоя Португалияда бўлиши мумкин. Аргентинанинг ҳимоясини кучли дейиш мумкин.  Лотин Америкаси жамоасининг олдинги чизиғи ҳам номдор футболчилардан таркиб топган: Месси, Мартинез ва Дибала. Улар мундиалдаги энг кучли триолардан бири. Қайси бири узоқроққа боради деган саволга жавоб бериш, Месси кучлими ёки Роналду деган саволга жавоб бериш билан бир хил. Мухлислар қайсидир терма жамоани танлаши мумкин, лекин мен у ё бу терма жамоани ажратиб кўрсата олмайман.

Ш.Ш.: — Англия терма жамоасига симпатиянгиз борлигини биламиз. Савол қуйидагича: АПЛдек кучли чемпионатнинг энг сараларини жамлаган терма жамоа нима учун сўнгги мундиалларда ижобий натижа қайд эта оламаяпти?

O.T.: — Англия терма жамоаси чемпионати кучли бўлмаган даврларда ҳам фаворит бўлган. Чемпионатни кучлилиги эса кўп жиҳатдан фақат англиялик футболчиларга боғлиқ бўлмайди. “Америка орзуси” деган тушунча бор-ку, АПЛ бу футболчилар учун “Англия орзуси” деган футболдаги тушунчага ўхшайди. Англия чемпионати жуда ҳам ранг-баранг. АПЛда Корея, Эрон, Коста-Рика мамлакатлари футболчилари ҳам ўйнайди. Айтмоқчиманки, мен миллий терма жамоа билан чемпионат даражасини бир-бирига солиштирмаган бўлардим. Энг кўп Жаҳон чемпионлигини қўлга киритган терма жамоа Бразилия бўлса, Бразилия чемпионати ҳақида нима дея оламиз? Чемпионат иқтидорли футболчиларни етиштириб беради ва улар кейинчалик Европага келади. Хуллас, Англиянинг таркиби доим юлдузли бўлган. Терма жамоанинг мураббий билан боғлиқ муаммоси бор эди, аммо мураббий натижа кўрсатишни бошлади. Ўтган сафар Англия Жаҳон чемпионатида ярим финалгача борди, охирги Европа чемпионатида жамоа финалга чиқа олди. Мантиқий давомийлик бўйича Англия бу сафар Жаҳон чемпиони бўлиши керак, лекин бу қийин. Англиянинг таркиби юлдузли, аммо юқорида айтганимдек бошқа терма жамоаларнинг таркиби ҳам шундай. Шунинг учун Англиянинг имкониятлари қолган фаворитлар билан бир хил. 

Ш.Ш.: — Сиз томоша қилган мундиаллар ичида энг эсда қоларлиси қайси бири бўлган?

O.T.: — Энг эсда қоларлиси 2002 йилдаги мундиал бўлган, чунки ўша чемпионат мени футболга олиб кирган. 2002 йилдаги Жаҳон чемпионати бошқаларидан барибир ўз элементлари билан фарқланиб туради. Масалан Роналдо, Кан ва Клозе каби футболчилар билан, ёки Туркия ва Кореянинг ярим финалга бориши билан ажралиб туради. Хуллас, ҳамманинг ўз хотиралари бор. Мен учун эса Япония ва Жанубий Кореядаги мундиал энг эсда қоларлиси бўлган.

Ш.Ш.: — Бу йилги Жаҳон биринчилигида “кутилмаганда” деган сўз кўпроқ қайси терма жамоага нисбатан ишлатилади, деб ўйлайсиз?

O.T.: — Менимча, бу сўзни кўп ишлатамиз. Кутилмаганда деган сўзни кутилмаганда ишлатишимиз мумкин. Дейлик, бирорта катта терма жамоа гуруҳда қолиб кетди. Бу ҳам кутилмаганда бўлиши мумкин ёки клубларда ўйини чиқмаётган футболчи мундиалда зўр ўйнаб кетиши мумкин. Масалан, Мирослав Клозе турли клубларда ўрта даражада тўп тепган, лекин у Германия билан Жаҳон чемпионатига келганда умуман бошқа футболчига айланади. Кутилмаганда деган сўзни биз қачон ишлатишимизни билмаймиз. 
Сиз ўйлаётган нарсадан келиб чиқиб гапирадиган бўлсак, мен Сербия терма жамоасини айтган бўлардим. Сербияни таркибига қарасак, дарвозасида Италия чемпионатининг энг яхши посбонларидан бири Ваня Милинкович-Савич турибди. Жамоанинг ҳимоясидан тортиб ҳужумигача зўр футболчилар бор: Тадич, Влаҳович, Костич. Бу супер таркиб. Жамоа илк турда Бразилия билан ўйнайди. Зўр ўйин бўлиши шубҳасиз.

Ш.Ш.: — Сўнгги учта мундиал ғолиблари Испания, Германия ва Франция терма жамоаларининг мундиалдаги имкониятларини қай даражада баҳолайсиз? 

O.T.: — Германия UEFA миллатлар лигасидаги охирги ўйинларида жуда қийналди. Фликда яхши терма жамоа бор. Бу Бразилияни 7:1 га уриб ташлаган Германия. Футболчилар алмашаверади, лекин менталитет ўзгармайди. Менимча, Германия бош совринни қўлга киритишн учун асосий 4 та жамоадан бири. 

Испания ҳақида гапирадиган бўлсак, ҳозир кўпчилик Луис Энрикенинг танловларидан ҳайратда.  Энрикенинг ўз услуби бор ва у ўз мактабига тааллуқли футболчиларни танлаяпти, лекин Испанияда ҳужумларни якунлашда муаммо бор. Айнан шу жиҳат жамоага халақит бериши мумкин. Мусобақа ҳали бошланмасдан туриб айтишим мумкинки, чемпионатда иштирок этадиган энг жозибали ўйин кўрсатадиган жамоа – бу Испания. Франциянинг ўйини эса барибир Мбаппе атрофида қурилади. Мбаппега кўп нарса боғлиқ, аммо энди терма жамоага Карим Бензема ҳам қўшилди. Бу жамоага қандай таъсир кўрсатади, ҳозирча номаълум. Бензема 17 октябрь куни "Олтин тўп"ни олган бўлса, ўшандан кейин “Реал”нинг жуда кўп ўйиналарини ўтказиб юборди. У Жаҳон чемпионатига ўзини асради. Франция мундиал ғолиблиги учун асосий даъвогар, худди Германия каби. 

Ш.Ш.: — Охирги марта мундиалда Жанубий Америка терма жамоаси ғолиб бўлганига 20 йилдан ошди. Нима деб ўйлайсиз, балки бу сафар олтин кубок Лотин Америкасига йўл олар?

O.T.: — Жанубий Америка терма жамоаларини ҳам фаворитлар қаторида, деб айта оламан. Лотин Америка жамоаларининг ҳам имкониятлари худди Германия, Франция каби юқори. Бразилияда таркиб дахшатли кўриниш олган. Уругвай терма жамоаси ҳам сюрприз қилиши мумкин. Феде Вальвердеси бор Уругвайга рақиб бўлиш осон бўлмайди. Жанубий Америка терма жамоларининг ҳам имкониятини анча юқори, дея оламан. Европа жамоаларига шулар қаршилик кўрсатмаса, ким қаршилик қилади?

Ш.Ш.: — Сизнингча, Осиё вакиллари мундиалда узоғи қайси манзилгача боради?

O.T.: — Қатар бу мундиалга жуда ҳам жиддий тайёргарлик кўрган. 2000 йилларда Қатарда испаниялик футбол мутахассисларининг методлари асосида футбол мактаблари очилди. Мисол учун, Гвардиола Қатарда ўйнаган. Хавигача бўлган даврда ҳам испанлар Қатарда фаолият юритишган. Қатар аллақачон Осиё кубогида ғолиб бўлди ва улардан мен шунчаки мезбонликни эмас, яхши натижа ҳам кутяпман. Корея ва Япония терма жамоаларининг ҳам имконияти жуда яхши. Осиё жамоалари бизга бошқача рангни беради.

Ш.Ш.: — Ориф Толиповга қайси терманинг ўйинини шарҳлаш кўпроқ ёқади?

O.T.: — Испаниянинг ўйинини шарҳлаш жуда ёқади. Шиддатли ва ранг-баранг ўйин кўрсатадиган терма жамоларнинг ўйинларини шарҳлаш маъқул. 

Блиц саволлар

— Зидан ёки Роналдиньо?
— Зидан.

— Аргентина ёки Португалия?
— Аргентина.

— Испания ёки Франция?
— Франция.

— Европа Чемпионлар лигаси ёки Жаҳон чемпионати?
— Жаҳон чемпионати.

— Ҳоланд ёки Мбаппе?
— Мбаппе.


Ш.Ш.: — Мундиални ўтказиб юборадиган футболчилардан рамзий терма жамоа тузиб беринг?

O.T.: — Бу саволга қисқа қилиб Италия терма жамоаси деб жавоб бераман ва Италиянинг таркибига Холандни ҳам қўшиб қўйаман.
 

Шахзод Шукуров
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 72
Рейтинг: 3
t
×