ЖБТ бош котибига Ўзбекистонда фахрий унвон берилди

Жамият

image

Бугун, 25 ноябрь куни Давлат божхона қўмитасида Марказий божхона лабораториясига Жаҳон божхона ташкилотининг минтақавий мақоми берилишига ва ДБҚ Божхона институтида “Божхона иши” бакалавриат таълим йўналишини PICARD профессионал стандартларга мувофиқ аккредитациядан ўтказилганлиги бўйича сертификатни тантанали тақдим этиш маросимига  бағишланган тадбирлар бўлиб ўтди. 

Тадбир давомида, Жаҳон божхона ташкилотининг бош котиби Кунио Микурияга “ДБҚ Божхона институти Фахрий профессори” унвони бериш тўғрисидаги қарор ўқиб эшиттирилди ва унга тегишли диплом ҳамда мантия топширилди.

Маълумот ўрнида, 2019 йилда Кунио Микуриянинг Ўзбекистонга бўлган ташрифидан сўнг, Жаҳон божхона ташкилоти билан ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича тасдиқланган “Йўл харитаси”га биноан Ўзбекистонда бир қатор ишлар амалга оширилган. Хусусан:

•  2020 йилда Ўзбекистоннинг ташқи савдо соҳасида халқаро даражада эътироф этилган ҳужжатлар – Божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш бўйича Киото Конвенцияси ва Вақтинча олиб кириш бўйича Истанбул Конвенциясига қўшилгани мамлакатдаги тадбиркорлик ва инвестиция муҳитининг жозибадорлигини янада оширишга хизмат қилади;

•  2021-2023 йилларга мўлжалланган Жаҳон божхона ташкилоти ва Швейцария Иқтисодий ҳамкорлик Кенгаши (SECO) ўртасида амалга ошириладиган “Савдони соддалаштириш глобал дастури”га қўшилди;

•  “Ягона дарча” божхона миллий тизимини янада такомиллаштириш мақсадида Жаҳон божхона ташкилотига аъзо давлатларнинг “Ягона дарча” тизимини қўллаш бўйича стандартлари, амалиёти ўрганиб чиқилди ва амалиётга тадбиқ этилди;

•  Ўзбекистон божхона ходимлари учун Жаҳон божхона ташкилотининг “Электрон божхона Академияси” ҳамда CLiKC (Божхона таълимоти ва ўқув тизими) электрон таълим порталидан фойдаланиш имконияти яратилди.

Шунингдек, тадбирда институт таълим дастурининг халқаро аккредитациядан ўтказилиши хорижий давлатларнинг божхона соҳасидаги академик доиралари билан илмий ҳамкорлигини кучайтириши, профессор-ўқитувчилар ва талабаларнинг академик мобиллигини ривожлантириши, халқаро таълим бозоридаги ўрнини ошириши, жумладан Марказий Осиёда божхона иши бўйича халқаро таълим дастурларини амалга оширувчи “хаб”га айланиш имконини бериши таъкидланди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

8

Рейтинг

3.3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг