Жаримани 15 кун ичида тўлаганлар жазонинг чорак қисмидан озод этилади
Жамият
−
04 Декабрь 2020
9704Агар фуқаро маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга биноан белгиланган жаримани қарор чиққандан сўнг 15 кун ичида ихтиёрий тўласа, фақатгина 75 фоизини тўлайди. Бу ҳақда Олий суд судьяси Абдурасул Эранов АОКАда ўтган қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш бўйича матбуот анжуманида маълум қилди.
“Судларда ижро масаласида ҳам қонун талабларига риоя қилинадиган бўлса, одамларга енгиллик бериш назарда тутиляпти. Хусусан, маъмурий жарималар устида ишланмоқда. Агар жарима қарор чиқанидан сўнг 15 кун ичида, ихтиёрий равишда тўланадиган бўлса, фуқаро жариманинг фақатгина 75 фоизини тўласа, етади. Қолган қисмидан озод этилади”, дейди Эранов.
Олий суд судьяси сўзида давом этаркан, бир қатор соддалаштирилган тартиблар, фуқароларга енгиллик берадиган ҳолатлар бўйича қонунчиликка ўзгартиришлар киритилаётганини таъкидлади.
“Шунга ўхшаган бир қатор соддалаштирилган тартиблар, фуқароларга енгиллик берадиган ҳолатлар бўйича ўзгартиришлар киритилмоқда. Бу ишларниг ҳаммаси келгусида қонунларнинг ҳаётга тадбиқ этилиши, суд ҳокимиятининг самарадорлигини ошириш ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш масаласида аҳамиятини орттиради”, дейди у.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербоев 70 фоиз жаримани вақтида тўлаган ҳайдовчиларни жариманинг 30 фоизидан озод қилиш бўйича ишлаб чиқилган қонун лойиҳаси юзасидан маълумот берганди.
“Ҳуқуқбузар жарима солиш ҳақида қарор топширилган кундан бошлаб ўн беш кун ичида жарима миқдорининг 70 фоизини ихтиёрий тўлаган тақдирда, у жариманинг қолган қисмини тўлашдан озод қилиниши бўйича Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга янги модда киритилмоқда”, деганди Кушербоев.
LiveБарчаси