Жапаров ЕИ билан санкцияланган товарлар бўйича мулоқотга тайёр эканини айтди

Олам

image

Қирғизистон томони санкцияланган товарлар гуруҳи масаласида Европа Иттифоқи билан мулоқотни давом эттиришга тайёр. Бу ҳақда бугун, 2 июнь куни Қирғизистон Президенти Садир Жапаров Чўлпонота шаҳрида бўлиб ўтган “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” иккинчи саммитида айтиб ўтди.

“Биз европалик ҳамкорларимизнинг санкцияларга дучор бўлган товарларнинг маълум бир гуруҳи бўйича хавотирлари ва сўровларини тушунамиз ҳамда бу борада ЕИ билан мулоқотни давом эттиришга тайёрмиз”, деган Жапаров.

Бироқ Қирғизистон раҳбари гап қандай товарлар ва қандай санкциялар ҳақида кетаётганига аниқлик киритмаган. 

Президент Жапаровнинг сўзларига кўра, сўнгги бир йилда Қирғизистон ва ЕИ давлатлари ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 76,1 фоизга ошган ва 603,1 миллион долларни ташкил этган, шу билан бирга, экспорт ҳажми 60,6 фоизга, 75,8 миллион долларга, импорт эса 78,6 фоизга, 527,3 долларга юқорилаган. 

“Яқин келажакда биз нафақат товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, балки савдо балансини тенглаштириш устида ишлашга ҳам интиламиз”, дея такидлаган Жапаров.

Маълумот учун, “Марказий Осиё-Европа” иккинчи саммитида Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев, Қирғизистон Президенти Садир Жапаров, Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев, Туркманистон Бош вазири ўринбосари Нурмуҳаммет Аманнепесов ва Европа кенгаши раҳбари Шарль Мишель иштирок этди. Бундай форматдаги илк учрашув ўтган йилнинг октябрь ойида Қозоғистонда бўлиб ўтган. Келгуси йилда эса шундай саммит Ўзбекистонда ўтказилиши режалаштирилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ЕИ томонидан Россияга икки мақсадли техникаларни қайта экспорт қилиб, унга санкцияларни четлаб ўтишда ёрдам берган давлатларга нисбатан чора кўрилиши айтилганди. Шу мақсадда Европа Иттифоқининг санкциялар бўйича вакили Қирғизистон, Қозоғистон ва Ўзбекистонга келди. Бундан ташқари, АҚШ ва Украина Қирғизистон компанияларини Россиянинг санкцияларни айланиб ўтишида кўмаклашгани учун “қора рўйхат”га киритди. Шунингдек, Ўзбекистондаги “Оҳангарон цемент” акциядорлик жамияти ҳам АҚШ санкциялари остида қолди.


Мақола муаллифи

Теглар

Европа Иттифоқи Садир Жапаров

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг