Жапаров ўз даромадидан 2,5 баравар қимматроқ кийинади – “24.kg”
Бу қизиқ
−
04 Январь 2023
12906Қирғизистон Президенти Садир Жапаровнинг кийим-кечаклари нархи унинг расмий даромадидан бир неча баробар баланд эканлиги маълум қилинди. Мазкур ҳисоб-китобни “24.kg” нашри олиб борган.
Нашрнинг ёзишича, Қирғизистон Президенти Садир Жапаров 2021 йилда бир миллион сом (тахминан 130 млн 780 минг сўм)дан камроқ даромад олган. Ушбу маълумот унинг Қирғизистон Республикаси Солиқ хизмати 2022 йил декабрида эълон қилган декларациясида келтирилган.
“Давлат раҳбарининг даромадлари ва мол-мулкига оид маълумотларга кўра, унинг 2021 йилдаги даромади 997 803 сомни ташкил қилган. Демак, Президентнинг ойлик маоши 83 минг 100 сом (деярли 11 млн сўм)дан иборат”, дейилади хабарда.
Қайд этилишича, Жапаровнинг 0,6 гектар қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаси ва гаражи бор, холос. Шунингдек, кўчмас мулк ёки транспорт воситаси ҳақида маълумот берилмайди. Давлат раҳбарининг энг яқин қариндошларининг даромадлари ва мол-мулки ҳақида ҳам маълумот йўқ.
Нашрнинг таъкидлашича, давлат раҳбари Қуланак ГEСи қурилишига капсула қўйиш учун кийиб келган бор-йўғи битта куртканинг нархи унинг йиллик даромадидан ошиб кетади. Бу 1 миллион 264 минг сом (тахминан 166 миллион сўм) ёки Садир Жапаровнинг 15 маошига тенг.
2022 йил январь ойида Садир Жапаров ва биринчи хоним Ойгул Жапарова Қоракўлдаги тоғ-чанғи курортида дам олди. У ерда ҳам улар қимматбаҳо курткаларни кийган: давлат раҳбари эгнида 1099 еврога тенг Lynn брендига тегишли куртка бор эди. Биринчи хоним эса Toni Sailer брендининг 1600 долларлик курткасида бўлган.
Биргина ўтган йилнинг ўзида Садир Жапаровнинг гардеробида қарийб 2 миллион 500 минг сом (тахминан 328 млн сўм)лик либослар кўзга ташланди. Бу унинг йиллик даромадидан 2,5 баробар кўп.
“Президентнинг энг яқин қариндошларининг мол-мулки ва даромади кўрсатилмагани боис, давлат раҳбари бундай пулларни қаердан олаётгани номаълумлигича қолмоқда”, деб ёзади нашр.
Эслатиб ўтамиз, 12 декабрь куни Қирғизистон Президенти Садир Жапаровнинг Airbus H145 вертолёти тақдимотида кийган кийимлари кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлгани хабар қилинганди.
Садир Жапаров ушбу тақдимотда кийган “Loro Piana” брендига тегишли мўйнали курткаси 14 177 евро (15 минг доллар) туради. Ўзбек сўмига ҳисоблаганда ушбу кийим 169 миллион 216 минг сўмни ташкил этади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь