Жапаров июнь воқеалари қирғиз халқи учун катта сабоқ бўлганини тан олди

Олам

image

Қирғизистон Республикаси Президенти Садир Жапаров июнь воқеаларига 11 йил тўлиши муносабати билан халққа мурожаат қилди. 

“Шу кунларда 2010 йил июнь ойида юз берган фожиали воқеаларга 11 йил тўлмоқда. Бугун биз қурбонларга хотирасига ҳурмат бажо келтирамиз ва ушбу фожиа пайтида дараксиз кетганларни ёдга оламиз.  

Икки қардош халқлар ўртасида тўқнашувлар келиб чиқадиган бундай фожиа бошқа ҳеч қачон бўлмайди, деб умид қиламиз. Умумий бағрикенгликни рағбатлантирган, оғир кунларда жабрланганларга ёрдам қўлини чўзган доно ва саховатли халқимизга алоҳида миннатдорчилигимни билдираман, шунингдек, халқаро ҳамжамиятга кўрсатилаётган қўллаб-қувватлаш учун яна бир бор ўз миннатдорчилигимни билдираман”, дейди Садир Жапаров.  

2010 йилнинг июнь ойи Қирғизистоннинг жануби. Маҳаллий қирғизлар ва ўзбеклар ўртасида этник можаро чиқди. “Ўш воқеалари” номи билан тарихга кирган ушбу низо оқибатида 500 га яқин инсон ҳалок бўлди. Жароҳатланганлар сони мингдан, қўшни Ўзбекистонга қочиб ўтганлар сони эса юз мингдан ошди. Бундан ташқари 3,5 мингдан ортиқ кўчмас мулк вайрон қилинди. Шундан атига 275 таси давлатга тегишли, қолган катта қисми эса маҳаллий аҳолининг бошпанаси эди. Ушбу статистика воқеанинг кўламидан далолат: ёнган уйлар, қонга беланган қўллар, яқинларидан айрилган инсонлар.  

Президент халққа мурожаатида давом этаркан, 11 йил аввал рўй берган воқеалар қирғиз халқи учун сабоқ бўлганини урғулайди. 

“Июнь воқеалари барчамиз учун катта сабоқ бўлди. Ушбу фожиали синов аждодларимиздан мерос қолган севимли Қирғизистонимизнинг келажаги йўлида халқнинг бирлиги ва бирдамлигини мустаҳкамлаш зарурлигини тасдиқлади. 

Доно халқимиз "Бахтнинг гарови дўстликда" дейди. Биз бир халқ, бир мамлакат сифатида бирлигимизни мустаҳкамлаб, келажакка эътибор қаратишимиз керак. Ўзаро ҳурмат, ўзаро ёрдам ва ўзаро ишонч туфайли биз катта ютуқларга эришмоқдамиз. Бизнинг кучимиз бирликда!”, дейди Жапаров. 

Президент мурожаатида халқлар ўртасидаги тотувликка алоҳида эътибор қаратади: 

“Ўш ва Жалолобод вилоятлари кўп миллатли минтақалардир. Этник хилма-хиллик бизнинг бойлигимиздир. Бугунги кунда ушбу ҳудудларда 80 дан ортиқ миллат вакиллари яшайди. Ҳар бир этник гуруҳ ўз маданияти, тили ва урф-одатларини сақлаб қолиш билан бирга Қирғизистонимиз тараққиётига ўз ҳиссасини қўшади. 

Биз дўстона, меҳнатсевар ва меҳмондўст одамлар билан очиқ мамлакатмиз. Ўз тараққиётимизда биз минтақадаги қўшнилар билан дўстликни, дунёнинг барча давлатлари билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлашга интиламиз. 

Июнь воқеаларида ҳалок бўлганларнинг ёрқин хотираси қалбимизда абадий сақланиб қолади. Бутун олам тинч бўлсин!”


Мақола муаллифи

Теглар

Садир Жапаров

Баҳолаганлар

102

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг