Жапаров Бакиевнинг хатосини ювиш учун ер ажратди

Олам

image

2010 йил апрель ойида Қирғизистонда содир бўлган воқеалар иштирокчиларига завод қуриш учун ер ажратишга қарор қилинди. Бу маълумотни Президент Садир Жапаров “Кабар” агентлигига берган интервьюсида тасдиқлади. 

Унинг маълум қилишича, икки йилдан буён 2010 йил апрель воқеаларида яқинларини йўқотган фуқаролар мурожаат ва илтимослар билан чиқмоқда. 

“Ўтган йили 100 га яқин одам менинг олдимга келиб, Бакиевдан уларга товон пули олиб беришимизни сўраган. Кейин қочоқ президент билан бизнесга аралашмасликларини сўрадим. Бироз вақт ўтгач, ўтган кузда улар яна келишди. Улар Бакиев билан гаплашгани, у уларга 200 иш ўринли тикувчилик фабрикаси қуришга ваъда берганини ва ер ажратишни сўраганини айтишди”, дейди Садир Жапаров.

Амалдаги давлат раҳбари Жапаров уларнинг аҳволига қараб, бир томондан уларга ҳамдардлик билдирган бўлса, иккинчи томондан, 200 та оилага ёрдам бериш имкони бўлса, бу яхши, деган фикрда эканини айтган. 

“Шундай қилиб, уларга бир гектардан ортиқ ер ажратиб бердим. Кимдир камида икки оиланинг ҳаётини яхшилаш учун шароит яратиб, ёрдам берса, хурсанд бўламан. Мамлакат раҳбари сифатида ҳар бир қирғизистонликнинг тақдири менинг гарданимда. Шунинг учун уларга ер ажратдим”, дейди Президент. 

Апрель воқеаларида 205 киши ҳалок бўлди, уларнинг яқинлари бирлашиб, акциядорлик жамияти очди.  

“Биз ерни бир кишига эмас, ушбу акциядорлик жамиятига ажратганмиз. Улар завод қурадими ёки йўқми, мен бир нарса дея олмайман. “Апрелликлар” Бакиев билан қандай келишганини билмайман. Умуман, айбдор бўлмаслик учун ер ажратдим. Вақт берайлик, завод қурилмаса, ерни тезда давлатга қайтарамиз”, дея хулоса қилди Президент.

Бакиев ва апрель инқилоби

Қирғиз мухолифати раҳбарларидан бири бўлган Қурманбек Бакиев республикани 2005 йилдаги “Лола инқилоби”дан ва Асқар Акаевнинг ағдарилишидан кейин ўз қўлига олди. 

У 2005 йил 10 июлда Президент этиб сайланган (2009 йилда қайта сайланган). 2010 йил 7 апрелда давлат тўнтариши натижасида ҳокимиятга Роза Отунбаева бошчилигидаги мухолифат томонидан тузилган янги муваққат ҳукумат келди. Қурманбек Бакиев Бишкекдан жанубда, Жалолобод вилояти ҳудудидаги ота-боболари қишлоғида яширинган. Бир неча кундан кейин у Қозоғистонга учиб кетди, у ердан 16 апрелда вақтинчалик ҳукуматга давлат раҳбари лавозимидан кетиши тўғрисида баёнот юборди. Бир неча кундан кейин Бакиев Беларусга йўл олди, у ерда Беларусда ҳали ҳам яшайди ва баъзи маълумотларга кўра фуқароликни олган.

2010 йил 4 майда муваққат ҳукуматнинг қарори билан Қурманбек Бакиев собиқ давлат раҳбари мақомидан ва дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилинди. 8 май куни у Қирғизистон ҳукумати томонидан қидирувга берилган. Қирғизистон Бош прокуратураси бир неча бор Бакиевни экстрадиция қилиш тўғрисида Минскка сўров юборган, аммо рад этилган. 

Мамлакатда собиқ президентга бир нечта айбловлар қўйилган. 2013 йил февраль ойида у мансаб ваколатини суиистеъмол қилишда айбланиб, сиртдан 24 йиллик қамоқ жазосига, 2014 йил апрелда – Британиянинг Oxus Gold кон компанияси раҳбари Шон Дейлини ўлдиришга уринишда айбланиб, 25 йилга озодликдан маҳрум қилинган. 2014 йил июлда – 2010 йил 7 апрелда Бишкекда мухолифат митингини отишни уюштиргани учун мол-мулки мусодара қилиниб, умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган. 

2017 йил декабрда – қишлоқ хўжалиги ерларини уй-жой қуриш учун мўлжалланган участкаларга ноқонуний айлантирганлик учун 10 йил қамоқ жазосига тайинланган.


Мақола муаллифи

Теглар

Қирғизистон Садир Жапаров Қурманбек Бакиев

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг