Жанубий Кореяда туғилиш рекорд даражада тушиб кетди
Бу қизиқ
−
28 Февраль
11197Жанубий Кореяда туғилиш кўрсаткичи рекорд даражада тушиб кетди. Бу ҳақда "The Guardian" нашри хабар берди.
Қайд этилишича, Жанубий Корея аҳолиси кетма-кет тўртинчи йил қисқариб, туғилиш ва никоҳлар сони ҳам кескин камайган. Бир аёлга ўртача туғилиш сони 0,72 га тушган, бу дунёдаги энг паст кўрсаткичдир.
Статистика бошқармаси маълумотларига кўра, 2023 йилда янги туғилган чақалоқлар сони 230 минг нафарни ташкил этган, бу ўтган йилга нисбатан 19 минг нафарга кам.
Агар туғилиш кўрсаткичлари шу ҳолатда пасайиб борса, 2100 йилга келиб аҳоли сони деярли икки баравар камайиб, 26,8 миллионни ташкил этиши мумкин.
Шунингдек, 2006 йилдан бери ҳукумат эр-хотинларни кўпроқ фарзанд кўришни рағбатлантириш дастурларига 270 миллиард доллардан кўпроқ маблағ ажратган, нақд грантлар, болалар парвариши хизматлари ва туғилишни даволашга жиддий эътибор қаратилган.
Молиявий ва бошқа рағбатлар фарзанд тарбияси учун харажат ва мулк нархининг кескин ошиб бораётгани, яхши маошли иш ўринларининг йўқлиги ва мамлакатдаги шафқатсиз таълим тизими кўп болали оила қуришга тўсиқ бўлаётганидан шикоят қилаётган эр-хотинларни ишонтира олмади, дейилади хабарда.
Никоҳ фарзанд кўришнинг зарурий шарти сифатида кўрилади, аммо турмуш қимматлиги туфайли никоҳлар сони камайиб бормоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Корея Статистика агентлиги томонидан эълон қилинган ҳисоботга кўра, 2023 йилда мамлакат аҳолиси 52 миллиондан пасайиб кетганди. Аҳолининг 18,4 фоизини қариялар ташкил қилганди.
Мадина Отабоева