Жанубий Кореяда ногирон аёл диплом ишини кўзида ёзиб, магистр бўлди
Бу қизиқ
−
26 Февраль
4495Жанубий Кореяда беш ёшида мушакларнинг заифлашиши ва дегенерацияси туфайли фақат кўз ҳаракатлари ва нутқи билан ўқишга муваффақ бўлган 37 ёшли аёл тезисининг ҳарфларини кўзи билан ёзиб, магистр даражасини олишга эришди. Бу ҳақда “The Straits Times” хабар берди.
Таълим олиш у учун ҳар қадамда катта синов бўлган. Қўл билан ёзиш имконияти бўлмагани учун у электрон китоб сифатида мавжуд бўлмаган китобларни рақамлаштириш учун шахсий сканерга таянарди.
“Ҳар бир китобни сканерлаш жуда оғир эди, аммо бу мен учун ўқишнинг ягона йўли шу эди”, деди у битирув маросимида.
Шунингдек, у маълумотларни ёдда сақлашда ҳам қийинчиликларга дуч келган, чунки у эслатмаларни ёзиб ололмас эди.
Жанг Ик-сун ушбу касалликка 5 ёшида чалинган. У аста-секин ҳаракат қилиш қобилиятини йўқотган. Шунга қарамай, у таълим олишни давом эттирган. Жанубий Кореянинг ўрта ва юқори синфларига тенглаштирилган имтиҳонларидан ўтиб, Гванжу университетида ижтимоий фаровонлик бўйича бакалавр даражасини олган. 2019 йилда у университетнинг Ижтимоий фаровонлик бўйича магистратура мактабига ўқишга кирган ва 2021 йилда ўзининг курс ишларини тамомлаган. Гвангжу университети жорий йилнинг 21 февраль куни 2024 йилги биринчи битирув маросимида аёлга расмий равишда магистр даражаси берганини тасдиқлади. У шунингдек, ўзининг муваффақиятини эътироф этган академик мукофотни ҳам олди.
“15 йил олдин мен қўлимни столга қўйиб, ёза олишим мумкин эди. Энди эса бу ҳам имконсиз”, деган у.
Жанг Гвангжу Мушак Дистрофияси Ассоциациясида ишлади ва 30 га яқин генетик мушак касалликларига дуч келган инсонларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилди. Кечқурун эса магистратура дарсларида қатнашиб, кўпинча тонггача ўқирди. Унинг ёрдамчиси унга маъруза материалларини мос ҳолатда тайёрлашда кўмаклашди.
Унинг энг катта синови магистратура тезисини ёзиш эди. Кўз ҳаракатларини курсор буйруқларига айлантирадиган қурилма бўлган кўзни кузатиш сичқончаси ёрдамида у ҳар бир сўзни, ҳарфни бирма-бир кўз қимирлатиб ёзди. Унинг тадқиқоти мушак касалликларига чалинган инсонларнинг яшаш ҳуқуқига бағишланган бўлиб, етарли парвариш кўрсатилмаслиги билан боғлиқ хавфларни ёритиб берди. У сунъий нафас олиш аппаратига уланган беморларнинг бир муддат ёлғиз қолдирилиши фожиали оқибатларга олиб келиши мумкинлигини таъкидлади.
“Бизлар учун фаоллигимизни қўллаб-қувватлаш – бу ҳаёт-мамот масаласи”, деди у.
У Жанубий Корея ҳукумати оғир ногиронлиги бор шахсларга кунига атиги олти соатлик парвариш ёрдамини субсидиялашини кескин танқид қилди ва буни етарли эмас, дея ҳисоблашини айтди.
“Биз каби мушак дистрофиясига чалинган беморлар жамият учун гўё кўринмасдек. Мен уларни соядан ёруғликка олиб келмоқчиман. Муваффақиятсизлик мағлубият эмас. Агар таслим бўлмасангиз, ҳар ким имкониятга лойиқ”, деган у.
Академик фаолиятидан ташқари, Жанг “Ик-сун Жанг, 10 миллион марта кўз қисадиган одам” номли YouTube каналини юритиб, ушбу касаллик ҳақида одамларнинг хабардорлигини оширишга ҳаракат қилмоқда.
LiveБарчаси