Жанубий Кореяда ит гўштини истеъмол қилиш тақиқланиши мумкин
Олам
−
18 Ноябрь 2023
3959Жанубий Кореяда итларни сўйиш ва гўштини сотиш бутунлай тақиқланиши мумкин. Бу ҳақда Yonhap агентлиги хабар берди.
Унга кўра, Жанубий Корея ҳукумати ва "Халқ кучи" партияси йил охиригача ит гўштини истеъмол қилишни тақиқловчи қонун қабул қилмоқчи.
"Жамиятимизда уй ҳайвонлари сонининг ошиб бораётгани ва халқаро меъёрлардан келиб чиқиб, ит гўшти истеъмолига чек қўйиш вақти келди", дейди депутат Ю Йи Дон.
Қонунга кўра, 2027 йилдан бошлаб итларни сўйиш ва гўштини сотиш бутунлай тақиқланиши кутилмоқда. Шунингдек, ит фермалари, сўйиш жойлари, чакана савдо дўконлари ва ресторанлари маҳаллий ҳокимиятларга ит гўштидан босқичма-босқич воз кечиш режасини тақдим этиши талаб қилинади. Бундай режа тақдим этилган тақдирда, бизнес қўллаб-қувватланади.
Бир неча йиллардан бери ит гўштини тақиқлаш ғояси Жанубий Кореяда муҳокама қилинади. Шунга қарамай, анъанавий қарашларга эга бўлган баъзи одамлар бунга қарши чиқиб, ит гўшти корейс ошхонасининг ажралмас қисми эканлигини таъкидлашади.
LiveБарчаси