Жанубий Кореяда ҳам номаълум ҳаво шари аниқланди
Олам
−
06 Февраль 2023
8830Бугун, 6 февраль куни Жанубий Корея армияси ўз ҳудудида КХДРга тегишли ҳаво шарини кузатганини маълум қилди. Бу ҳақда “Yonhap” агентлиги хабар берди.
Қайд этилишича, 5 февраль куни ҳаво шари қисқа вақт ичида Жанубий Корея ҳаво ҳудудига кирган ва бир неча соат ичида уни тарк этган. Расмийлар шарни жосуслик фаолияти учун мўлжалланмаган об-ҳаво дирижабли бўлган деб ҳисоблашмоқда.
Ҳаво шарининг парвози ўтган ҳафта охирида АҚШнинг Каролина қирғоқлари яқинида уриб туширилган Хитой ҳаво шарининг парвози билан боғлиқ АҚШ ва Хитой ўртасида кескинлик фонида аниқланган.
Таъкидлаш жоизки, сўнгги пайтларда икки корейс давлати ўртасидаги кескинлик кучайиб бормоқда. Хусусан, Шимолий Корея ўтган йили рекорд миқдордаги ракета синовларини ўтказган, Жанубий Корея эса АҚШ билан қўшма ҳарбий машғулотлар ўтказган.
Шунингдек, ўтган йилнинг 26 декабрида Шимолий Кореянинг бешта учувчисиз самолёти Жанубий Корея ҳудудини кесиб ўтган. Ҳатто улардан бири Жанубий Корея Президенти идораси атрофидаги парвозлар тақиқланган ҳудудга қисқа муддатга кирган ва бу Жанубий Корея ҳарбийларини қирувчи самолётларни ишлатишга ундаган. Кейинчалик ҳарбийлар жануб узра соатлаб учиб юрган дронларни уриб тушира олмагани учун танқид қилинган.
Алибек Бейжанов
LiveБарчаси