Жанубий Корея қирувчи самолётларини ҳаракатга келтирди

Олам

image

Кеча, 13 октябрь кечки пайт Шимолий Корея жанговар самолётлари икки давлатни ажратувчи чегара бўйлаб парвоз уюштирганидан сўнг, Жанубий Корея қуролли кучлари қирувчи самолётларини демилитаризация зонасига жўнатди. Бу ҳақда “Washington Post” нашри маҳалий корейс нашрларига асосласниб хабар бермоқда. 

Жанубий Корея ҳарбий штаб бошлиқлари қўмитаси маълумотларига кўра, Шимолий Корея самолётлари икки корейс мамлакати ўртасидаги денгиз чегара чизиғидан атиги етти миль шимол узоқликда ҳаракатланган. Пхеньяннинг жанговар самолётлари, шунингдек, қуруқлик чегарасидан ўн миль шимолий масофада ҳам қайд этилган.

Мазкур воқеалар 14 октябрга ўтар кечаси содир бўлган ва унда Пхеньяннинг 10 га яқин жанговар самолётлари иштирок этган. Шимолий Корея ўтган ҳафтада ҳам жанубга жанговар самолётларни жўнатган эди, аммо “ниҳоятда ғайриоддий” деб баҳоланган мазкур сўнгги парвозлар Сеул ҳаво ҳудудига янада яқинлашди. Жанубий Корея ҳарбийлари элита ҳаво кучлари иштирокида, жумладан, Ф-35А қирувчи самолётлари билан фавқулодда парвоз ташкиллаштирилганини, бироқ тўқнашувлар содир бўлмаганини маълум қилган.

Ўз навбатида, Сеул Пхеньян томонидан 2018 йилда икки корейс давлати ўртасида тинчликни таъминлаш саъй-ҳаракатлари доирасида ташкил этилган бетараф денгиз зонасига артиллерия снарядларидан ўқ узилганини маълум қилган. Шимолий Корея армияси бош ҳарбий штаби эса жануб томонидан ҳаракатни кескинлик юзага келтириш учун уриниш дея баҳолаган:

 “[Шимолий] Корея халқ армияси фронт чизиғидаги ҳарбий кескинликни қўзғатаётган Жанубий Корея ҳарбийларига қатъий огоҳлантириш берди”, дейилади Шимолий Корея армияси бош штаби вакилининг давлатга қарашли Марказий ахборот агентлигига берган ҳисоботида.

Шимол расмийларининг таъкидлашича, “тезкор қарши чоралар” Жанубий Кореянинг чегарага яқин зонада10 соат давом этган артиллерия отишмаларига жавоб тарзида амалга оширилган. Жанубий Корея Мудофаа вазирлиги эса Шимолий Корея билан чегарадан жанубда жойлашган ҳарбий участкада артиллерия машқлари ўтказилганини, аммо машғулотлар 2018 йилги ҳарбий келишув қоидаларини бузмаганини айтиб ўтган. Жануб расмийлари, шунингдек, шимолликларнинг манёврларини “эскирган” ва “ноиложлик чораси” эканини айтган.

Қайд этиш керакки, Пхеньян ва унга рақиб Вашингтон ўртасидаги ядровий музокаралар тўхтаб қолган айни бир пайтда кескинлик кучаймоқда. Шимолий Корея жорий йилда 40 дан ортиқ ракета парвозларини амалга оширди ва сўнгги жараёнларни шахсан Ким Чен Иннинг ўзи назорат қилди. Шимолий Корея раҳбари маҳаллий ОАВга ўз нутқида мамлакат ядровий кучлари “ҳақиқий уруш”га тўлиқ тайёр эканини очиқ айтган.

Эслатиб ўтамиз, бугун, 14 октябрь куни Жанубий Корея ҳукумати сўнгги беш йил ичида биринчи марта Шимолий Кореяга қарши бир томонлама санкциялар киритди. Жанубий Корея Ташқи ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, чора-тадбирлар Шимолий Кореядаги 15 нафар шахси ва ядровий ва ракеталарни ишлаб чиқиш билан шуғулланадиган 16 ташкилотга қаратилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

122

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made