Жанубий Корея аскарлари КХДР чегарасида ўқ узди
Олам
−
23 Август 6135 1 дақиқа
Жорий йилнинг 19 август куни Жанубий Корея Қуролли кучлари КХДР билан чегарада огоҳлантирувчи ўқ узди. Бу ҳақда Шимолий Корея армияси Бош штаби бошлиғи ўринбосари Ко Чон Чхоль маълум қилди.
“Корея Республикаси армиясининг телба ҳарбийлари жиддий провокация қилди: бизнинг ҳарбий хизматчиларимиз жанубий чегара чизиғи яқинида доимий тўсиқлар қуриш билан шуғулланаётганида, уларга жавобан 12,7 миллиметрлик йирик калибрли пулемётдан 10 мартадан ортиқ огоҳлантирувчи ўқ узишди”, дейди Ко Чон Чхоль.
Шимолий кореялик генералнинг қўшимча қилишича, Жанубий Корея АҚШ билан биргаликда ҳарбий машғулотларни бошлаганидан кейинги куни чегарада огоҳлантирувчи ўқ узган. Унинг сўзларига кўра, икки мамлакат армиясининг машғулотлари минтақадаги кучлар мувозанатини бузмоқда.
NK News хабарига кўра, Жанубий Корея штаб бошлиқлари қўмитаси мамлакатнинг чегарадаги қўшинлари 19 август куни маҳаллий вақт билан соат 15:00 атрофида КХДР чегарасида огоҳлантирувчи ўқ узганини тасдиқлаган. Билдирилишича, ўқ Шимолий Корея ҳарбий хизматчилари қурилиш ишларини олиб бораётиб, демаркация чизиғини кесиб ўтгач отилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шимолий Корея Жанубий Корея билан муносабатларни яхшилаш нияти йўқлигини конституцияда мустаҳкамлаб қўйишни режалаштираётгани хабар қилинган эди.