Жамоатчилик назорати ва ОАВга тазйиқ ўтказишга йўл қўймаймиз - Президент

Жамият

image

Аввал хабар берганимиздек, бугун, 7 декабрь куни пойтахт Тошкентдаги "Ўзбекистон" халқаро анжуманлар саройида мамлакат Конституцияси қабул қилинганининг 27 йиллигига бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳам иштирок этиб, нутқ сўзлади. Давлат раҳбарининг нутқида асосий эътибор мамлакатда қонун устуворлигини таъминлаш, демократик жараёнларни жадаллаштириш, очиқлик ва ошкоралик сиёсатини узвий давом эттиришга қаратилди. Президент бу ҳақда гапираркан, "орқага йўл йўқ", деб такрор ва такрор таъкидлади. 

Давлат раҳбари нутқининг бир қисми мамлакатда матбуот ва сўз эркинлигини таъминлаш, оммавий ахборот воситалари билан очиқ ва ошкора мулоқот қилишга қаратилди. 

"Оммавий ахборот воситалари қонунийлик таъминланишида чинакам жамият кўзгусига айланиши керак. Сўз эркинлигини таъминлашга қаратилган ислоҳотлар ўтган 3 йилда жамиятимиз ҳаётида туб бурилиш ясади. Ўзимиз сезмаяпмиз, лекин жамият ҳам ўзгарган, сўз эркинлиги ҳам бор бугун. Бир тасаввур қилинглар, 3 йил олдин телевизорда бунақа гаплар билан биров чиқа олармиди? Бунақа саволлар берармиди? Ҳамма худдики 30 йил билан охирги 3 йил орасида юз берган ўзгаришлар фарқини билмаяпти. Нимага? Чунки ўзимиз ўзгараяпмиз, одамларни дарди, талаби ўзгараяпти. Лекин яна бир марта таъкидлайман, бу ўзгаришлар билан бир қаторда маданият ва илм ҳам керак. 

Бугун халқимиз орасида юриб, уни қийнаётган энг ўткир ижтимоий муаммоларни кўрсатиб бераётган энг катта куч - бу мустақил ва холис оммавий ахборот воситалари вакилларидир. Демократик ислоҳотларимиз натижасида оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлар мансабдор шахсларни ўз ишини қонуний асосда тўғри ташкил этишга ундамоқда. 

Аслида демократик жамиятда барча давлат хизматчилари оммавий ахборот воситалари билан яқин ижтимоий ҳамкорлик қилишга ўрганиши керак. Ўрганмасак, эртанги ислоҳотларимиз амалга ошмайди", дейди Шавкат Мирзиёев.

Маълумки, ўтган ойда мамлакатда оммавий ахборот воситалари, жумладан журналистларни турли тазйиқ ва ҳақоратлардан ҳимоя қилиш кун тартибига чиқди. Давлат раҳбари бу ҳақда сўз юритаркан, журналистларга тазйиқ ўтказишга йўл қўйилмаслигига тўхталди.
                                            
"Жамоатчилик назорати ҳам, оммавий ахборот воситалари ҳам - ягона бир мақсад - халқимизни рози қилишга интилсин. Танқид, албатта керак. Танқид бўлаяпти, хулоса ҳам бўлаяпти. Лекин биз ҳаммамиз изланишдамиз, ўрганишдамиз, янги Ўзбекистонни қуряпмиз. Йўналишларимиз, фикрларимиз бир бўлса, шунда натижа ҳам мутлақо бошқача бўлади!

Ўзбекистонда жамоатчилик назорати ва оммавий ахборот воситалари вакилларининг қонуний ҳақ-ҳуқуқларига ҳеч қандай шаклда тазйиқ ўтказишга йўл қўйилмайди", дейди Президент. 

Давлат раҳбари сўзида давом этар экан, оммавий ахборот воситаларини ҳам, раҳбарларни ҳам гиналарни унутиб, якдил ҳамкорлик қилишга чақирди.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев ОАВ

Баҳолаганлар

49

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг