Жаҳонгир Отажонов тазйиққа учраяптими? “Ўзбекконцерт” расмий баёнот билан чиқди

Жамият

image

Бир неча кундан буён хонандалар Жаҳонгир Отажонов ва Абдулла Қурбоновнинг бир-бирига қаратилган ҳақоратомуз видеолари ижтимоий тармоқларда тарқалиб, кўплаб баҳс-мунозараларга сабаб бўлмоқда. Икки санъаткор Муборак Рамазон ойида жонли ижродан тортиб, кийиниш борасида бир-бирининг қусурларида видеомурожаатда ҳақоратли танқидга олмоқда. Бу орада Жаҳонгир Отажонов ўзининг “Ўзбекконцерт” давлат муассасасига чақиртирилгани ижтимоий тармоқлар орқали маълум қилиб, муассаса директори Одилжон Абдуқаҳҳоровга эътироз билдирди. Ўз навбатида “Ўзбекконцерт” мазкур ҳолат юзасидан расмий билдириш билан чиқди. Қайд этилишича, Отажонов “Ўзбекконцерт”га тақиб ё тақиқ сабаб эмас, аксинча, лицензияси муддати жорий йилнинг 28 май куни тугагани, 3 иш кунида уни янгилаши, янгисига эҳтиёж бўлмаса, расмий раддия хати ёзиб бериши сабаб чақиртирилган. “Ўзбекконцерт” томонидан Жаҳонгир Отажоновга нисбатан расмий билдиришда шундай дейилади:

“2019 йил 29-30 май кунларида хонанда Жаҳонгир Отажонов ўзининг Instagram ижтимоий тармоқдаги саҳифасида “Ўзбекконцерт” томонидан лицензияси борасида муаммо бўлаётганини иддао қилиб, асоссиз равишда бир томонлама мурожаат қолдирмоқда. 

Бу борада “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 9 декабрдаги 354-сон Қарорига асосан Атажанов Жаҳонгир Сапарбаевич номига берилган лицензия амал қилиш муддати 2019 йилнинг 28 май куни тугаганлиги боис, рейтингнинг 2-гуруҳи бўйича давлат бюджетига йиллик 19 867 540 сўм миқдоридаги давлат божи тўловларини ҳамда хонанданинг ижодий гуруҳ аъзоларига яъни созандаларига (жами 7 нафар) лицензияси учун ҳар бирига алоҳида йиллик 8 109 200 сўмдан жами 7 663 1940 сўм миқдоридаги тўловларни  (ушбу тўлов созандалар сонидан келиб чиқиб ўзгариши мумкин) 3 кун муддат ичида тўлаши кераклигини маълум қилади. 

Шундан сўнг унинг фаолияти яна қонуний равишда давом этаверади, акс ҳолда унинг концерт дастурлари бекор қилинади. 

“Ўзбекконцерт” давлат муассасаси ҳамда раҳбариятининг хонандага нисбатан ҳеч қандай эътирози йўқ ва бу масала у билан тарқалган баҳсли мунозараларга ҳам алоқадор эмас! 

Хонандалар Жаҳонгир Отажонов ва Абдулла Қурбоновлар борасида юзага келган вазият хонанда Абдулла Қурбоновнинг сафардан қайтиши билан белгиланган тартибда кўриб чиқилади. 

Бундан ташқари, “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси хонанда Жаҳонгир Отажоновга Муборак Рамазон ойида ижтимоий тармоқларда ножўя хатти-ҳаракатлар билан санъаткорлар ўртасида низо келтириб чиқаришга сабаб бўлувчи масхаромуз видеоларни тарқатмаслигини сўрайди.  

Шу ўринда “Ўзбекконцерт” ДМ барча хонандаларни ҳам муассаса билан очиқ мулоқот қилмай туриб, ижтимоий тармоқларда турли ноўрин, ножўя ва асоссиз гап-сўзларни тарқатмасликларини тўғрисида огоҳлантиради”.

“Ўзбекконцерт” давлат муассасаси Отажоновнинг муассасага чақирилиши сабаби ва лицензия муддати ҳақиқатан ҳам тугаганини асослаш мақсадида унинг нусхасини илова қилган. 
 


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

302

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made