Жаҳон чемпионати Бангладешда 11 кишининг ҳаётига зомин бўлди

Спорт

image

2026 йилги Жаҳон чемпионати муносабати билан Бангладешда содир бўлган турли ҳодисалар оқибатида камида 11 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда “Pillars” нашри хабар берди.

Манбага кўра, қурбонлар орасида пичоқланиш, электр токи уриши, мотоцикллар иштирокидаги автоҳалокат, юрак хуружи ҳамда рақиб жамоалар мухлислари ўртасидаги жанжаллар оқибатидаги қотилликлар қайд этилган.

Ҳалок бўлганлардан бири 38 ёшли рикша ҳайдовчиси Шарифул Ислом бўлган. У Комилла шаҳрида Аргентина терма жамоасининг Мисрга қарши ўйинида Лионель Месси пенальтини голга айлантира олмагани ҳақида фикр билдирганидан кейин калтакланиб, ҳаётдан кўз юмган.

Маълум қилинишича, саккиз ой аввал рафиқаси ва икки ёшли қизи билан яхшироқ ҳаёт ва таълим имкониятлари излаб Нилпҳамари вилоятидан Комиллага кўчиб келган Шарифул Ислом ўша куни Миср терма жамоасини қўллаб-қувватлаган. У Аргентина мухлислари томонидан икки марта ҳужумга учраган, сўнг яқин атрофдаги дўкон олдида ҳушидан кетиб йиқилган ва унинг ҳаётини сақлаб қолишнинг иложи бўлмаган.

Расмий маълумотларга кўра, 11 нафар ҳалок бўлганларнинг уч нафари пичоқланиш оқибатида, яна уч нафари жамоа байроғини осишга уринганда электр токи уриши сабабли вафот этган. Яна икки киши футбол билан боғлиқ бошқа алоҳида ҳодисалар қурбони бўлган. Шунингдек, бир киши мотоцикллар иштирокидаги юриш пайтида, яна бири юрак хуружи туфайли ҳаётдан кўз юмган.

Турнир билан боғлиқ ўз жонига қасд қилиш ҳолати ҳам қайд этилган. Куштия туманида 19 ёшли Ратан исмли йигит Бразилиянинг мусобақани тарк этишини Аргентина мухлиси бўлган отаси ва укаси билан томоша қилган.

Оиласининг маълум қилишича, ўйин тугагач, у ғайриоддий ҳаракат қила бошлаган ва эртаси куни эрталаб ўз жонига қасд қилган. Мутахассисларнинг айтишича, бу каби ҳолатлар Бангладешда аввалги Жаҳон чемпионатлари пайтида ҳам кузатилган.

2024 йил июль ойида “Journal of Injury and Violence Research” журналида чоп этилган тадқиқотда 2022 йилги Жаҳон чемпионати даврида мамлакатнинг 15 дан ортиқ туманида футбол билан боғлиқ 23 та ўлим, 35 та шифохонага ётқизиш ва 45 та турли жароҳат қайд этилгани маълум қилинган.

Тадқиқот муаллифларининг таъкидлашича, ўлим ҳолатларининг асосий сабаблари байроқ илиш вақтидаги бахтсиз ҳодисалар, кескин ўйинлар пайтидаги юрак хуружлари, рақиб мухлислар ўртасидаги зўравонлик ҳамда байрам тадбирлари вақтидаги бахтсиз воқеалар бўлган.

Муаллифлар бундай фожиаларнинг олдини олиш учун аҳолини хавфсиз жойларга байроқ илишга чақириш, юрак-қон томир касаллигига чалинган шахсларни юқори ҳиссий босимли ўйинлар хавфи ҳақида огоҳлантириш, ижтимоий тармоқларда масъулиятли муносабатни тарғиб қилиш ҳамда яқинларини руҳий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш каби профилактик чораларни тавсия этган.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг