Жаҳон банки вакили: “Ўзбекистон тарихи дунёга машҳур бўлиши мумкин, аммо унинг буюк келажаги ҳозирча номаълум”
Жамият
−
18 Февраль 2020
8024Ўзбекистонда 2020 йил “Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” деб эълон қилинди. Президент ўз чиқишларида иқтисодиётни ривожлантиришда рақамли иқтисодиётнинг ўта муҳимлиги ҳақида гапирмоқда. Бугун, 18 январь куни ўтказилган халқаро анжуманда Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги Ваколатхонаси вакили Винаяк Нагараж рақамли иқтисодиётга ўтиш Ўзбекистон учун нақадар кераклигига тўхталди.
Унга кўра, рақамли иқтисодиётга ўтиш табиий бойликлар ва меҳнаткаш аҳолисига эга Ўзбекистон учун иқтисодиётда нафақат Марказий Осиё йўлбарси, балки Осиё йўлбарси бўлиш учун ҳам катта имконият ҳисобланади. Иқтисодий тарафдан “йўлбарс”га айланиш вақт талаб этади ва бир қанча мураккаб ислоҳотларни амалга оширган ҳолда кечади. Ишбилармонлик муҳитида, ишчи кучи ва капитал бозори рақобатбардорлиги янада оширилиши керак.
Винаяк Нагараж шунингдек, кўплаб катта тармоқлар давлат монополиясида қолаётгани ҳақида сўзлади.
“Мустақил бўлиши лозим бўлган кўплаб тармоқлар ҳануз давлат монополияси остида турибди. Давлат хизматлари ҳам бунданда яхшиланиши мумкин. Давлат хизматларидан барча фуқаролар эркин фойдалана олиши керак. Ўзбекистон ҳукумати бундай муаммоларнинг деярли барчасидан хабардор ва уларни ҳал этишни келгуси режаларига киритган”, дейди мутахассис.
Жаҳон банки вакилининг фикрича, Ўзбекистон учун олдинга “сакраш”нинг энг самарали йўлларидан бири рақамли иқтисодиётга эрта сармоя киритиш ҳисобланади. Бу глобал иқтисодиётга қўшилиш йўлидаги асосий тўсиқларни енгиш имкониятини беради.
“Рақамли технологиялар Ўзбекистонда иқтисодий фаровонликни кўпгина жисмоний ва техник тўсиқларни енгиб ўтиш учун шароит яратади. Бунга яққол мисол сифатида рақамли тўловлар ва молиявий инфратузилмани айтиш мумкин. Бугунги кунда қўл телефонлари банкнинг барча вазифаларини амалга оширишига хизмат қила олади. Бу узоқ ҳудуддаги аҳолининг молиявий интеграциясида ҳам муҳим роль ўйнайди. Бугун сиз тўқсонинчи йиллардагидек ҳар бир банкка қўнғироқ қилиб чиқишингиз шарт эмас.
Рақамли иқтисодиёт денгизга чиқиш учун камида иккита давлатни босиб ўтиши керак бўлган Ўзбекистон учун баъзи мавжуд тўсиқларни камайтириш учун ажойиб имконият. Ўзбекистон тарихи дунёга машҳур бўлиши мумкин. Аммо унинг буюк келажаги ҳозирча тўлиқ тушунарли эмас. “Йўлбарс” (иқтисодий тарафдан – таҳ.) бўла олиши ҳам номаълум. Бироқ буни ўзбек туризмида қўлланилган рақамли технологиялар ўзгартира олганини кўриб турибмиз”, дея рақамли иқтисодиётнинг муҳимлиги ҳақида тушунтирди Винаяк Нагараж.
Кўпчиликда рақамли иқтисодиёт нима ўзи, деган табиий савол туғилади. Рақамли иқтисодиёт деганда, рақамли ҳисоблаш технологияларига асосланган иқтисодиёт тушунилади. Аммо XXI асрда буни интернетга асосланган бозорлар орқали бизнес юритиш деб ҳам тушунилмоқда. Amazon, Alibaba Group компаниялари бунга яққол мисол бўла олади. Ҳозирги кунда рақамли иқтисодиёт Япония, АҚШ, Хитой каби давлатларда жуда яхши йўлга қўйилган. Рақамли иқтисодиёт вақт ва ресурс тежашга катта имкон беради.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь