Жаҳон банки Ўзбекистонга солиқ соҳасидаги ислоҳотлар учун 60 млн доллар кредит ажратади 

Жамият

image

Жаҳон банкининг Ижрочи директорлар кенгаши бугун, 17 июнь куни Давлат солиқ қўмитасининг операцион самарадорлигини оширишга ва маҳаллий солиқ тўловчиларга янада сифатли хизмат кўрсатишга қаратилган “Ўзбекистон солиқ маъмуриятини ислоҳ қилиш” лойиҳасини маъқуллади. Бу ҳақда Жаҳон банки сайти хабар бермоқда.

Лойиҳа 60 миллион АҚШ доллари миқдоридаги имтиёзли кредит ҳисобига амалга оширилади. Жаҳон банки гуруҳининг таркибига кирувчи Халқаро тараққиёт ассоциацияси ушбу маблағни Ўзбекистон ҳукуматига жуда паст фоизда ва 30 йилгача бўлган муддатга имтиёзли кредит шаклида тақдим этади. 

“Ўзбекистон ҳукумати бизнес ва инвестиция муҳитини яхшилаш мақсадида солиқ маъмурияти тизимидаги ислоҳотларга устувор аҳамият бермоқда. Янги лойиҳа Давлат солиқ қўмитасининг фаолиятини солиқ тўловчилар манфаатлари нуқтаи назаридан такомиллаштиришга ёрдам беради”, деган Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги менежери Марко Мантованелли. 

Унга кўра, лойиҳа солиқ солинадиган базани кенгайтиради, бу эса ҳозирги кунда ЯИМнинг тахминан 50 фоизини ташкил этадиган иқтисодиётнинг норасмий сектори қисқаришига олиб келади, шунингдек, солиқ тушумларини кўпайтириш ва янада самарали солиқ маъмурияти тизимидан фойдаланган ҳолда фирмалар ва компанияларга янги иш ўринларини яратишда ёрдам беради.

Лойиҳа Давлат солиқ қўмитасининг операцион, институционал, технологик ва инсон салоҳиятини ривожлантиришга ёрдам берувчи, шунингдек, Ўзбекистонда солиқ қонунчилиги талабларига ихтиёрий риоя қилишни рағбатлантирувчи учта асосий компонентни ўз ичига олади. 

Лойиҳанинг биринчи компоненти Давлат солиқ қўмитасига солиқ маъмуриятчилигининг асосий иш жараёнларини автоматлаштиришга сармоя киритишга имкон беради. Бунга қуйидагилар киради: 

•  ҳужжатларни расмийлаштиришни қисқартириш ва бутун мамлакат бўйлаб тадбиркорлик субъектлари ва жисмоний шахслар томонидан солиқларни тўлаш жараёнини соддалаштириш учун янги ахборот тизимини ишлаб чиқиш; аппарат ва технологик инфратузилмани модернизация қилиш;

•  ДСҚ учун янги маълумотлар марказини яратиш; АКТ учун масъул бўлган ДСҚ бўлинмаларининг ўз фаолиятини бошқариш ва режалаштиришдаги имкониятларини такомиллаштириш.

Иккинчи компонент иқтисодиётнинг норасмий секторини қисқартириш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқишда ва амалга оширишда ёрдам беради. Бунга қуйидаги чоралар киради: 

•  солиқ тўлашдан бўйин товлаш ҳолатларини аниқлаш ва олдини олиш бўйича ДСҚнинг ижро этувчи салоҳиятини яхшилаш;

•  бизнесни солиқ қонунчилигига риоя қилишга ундаш, шу жумладан солиққа оид бўлмаган имтиёзлардан фойдаланиш орқали рағбатлантириш;

•  шунингдек хусусий сектор билан ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш, шу жумладан солиқ тўловчиларнинг хатти-ҳаракатларини ўзгартириш ва солиқ қонунчилигига риоя қилинишини таъминлашга қаратилган янги ёки соддалаштирилган солиқ сиёсати ва процедураларини ишлаб чиқиш орқали.

Учинчи компонент ДСҚнинг кадрлар салоҳиятини ва малакали ҳамда билимдон солиқ ходимларини жалб қилиш, ривожлантириш ва сақлаб қолиш учун институционал имкониятларини кучайтиришга қаратилган. Бунга доимий равишда малака ошириш ва касбий тайёргарликни такомиллаштириш орқали ДСҚ ходимларини бошқариш сиёсатини такомиллаштириш ва уларнинг салоҳиятини ривожлантириш бўйича бир қатор тадбирлар киради.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

25

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг