Жаҳон банки Ўзбекистондаги иқтисодий вазиятга баҳо берди
Жамият
−
24 Август 2019
6038Қароргоҳи АҚШ пойтахти Вашингтонда жойлашган Жаҳон банки ўз ҳисоботида валюта бозорини либераллаштириш, валюта курсини унификация қилиш, бозор баҳосини ўрнатиш шунингдек, юридик ва жисмоний шахслар учун солиқ ставкасини камайтириш тўғрисидаги маълумотлар келтирган.
Жаҳон банки ҳисоботига кўра, инвестицияларнинг ўсиши ва истеъмол ҳажмининг ошиши реал ЯИМ кўрсаткичида – 2017 йилдаги 4,5 фоиздан 2018 йилдаги 5,1 фоизгача, кейин 2019 йилнинг биринчи чорагида 5,3 фоиз билан ўз аксини топган. Шунингдек, иқтисодиётни либераллаштиришга қаратилган ислоҳотлар кўмагида 2021 йилга қадар кўрсаткич 6 фоизга етиши мумкинлиги ҳам таъкидланади.
Йиллик инфляция 2018 йил бошида энг юқори нуқтага, яъни 20 фоизга етган, декабрь ойига 14,3 фоизга камайган ва бу 2018 йилдаги 17,5 фоизлик ўртача йиллик кўрсаткичга олиб келди.
Инфляция босимининг 2019-2020 йилларда ҳам сақланиб қолиши тахмин қилинмоқда. Бунга қуйидаги сабаблар замин ҳозирлайди:
- маъмурий нархларни, жумладан, энергия ва сувга ҳам, либераллаштиришнинг давом этиши;
- инвестициялар ўсишини қўллаб-қувватлаш учун давлат банклари орқали кредитлаш сиёсатини ошириш;
- аҳоли иш ҳақининг оширилиши.
2018 йилда ишлаб чиқаришни модернизация қилиш учун машиналар ва ускуналарни ҳамда истеъмол талабини қондириш мақсадида истеъмол товарларини импорт қилиш жорий операциялардаги ҳисоб-китоб дефицитини оширди.
2020 йилда ялпи ташқи қарзнинг бироз, яъни ялпи ички маҳсулотнинг 39 фоизигача қисқариши тахмин қилинмоқда.
Бундан ташқари, банк ҳисоботида келтирилишича, давлат бюджети дефицити акциз ставкаларининг, даромад ва иш ҳақи солиғининг сезиларли пасайиши натижасида ЯИМнинг 1 фоизини ташкил этиши мумкин. 2020 йилда давлат қарзи ялпи ички маҳсулотнинг тахминан 25 фоизигача ошади.
Иқтисодиётни либераллаштириш бўйича чора-тадбирлар чет эл валютаси етишмаслиги, импорт божлари ва солиқ ставкаларининг юқорилиги каби бизнес учун баъзи муҳим чекловларни бартараф этишга имкон берди.
Мавжуд иқтисодий вазиятни ўзгартириши мумкин бўлган қатор чора-тадбирлар ҳам келтирилган. Улар қуйидагиларни ўз ичига олади:
- инвестиция муҳитини яхшилаш ва кредит олиш имкониятларини кенгайтириш;
- солиқ маъмуриятчилигини тўлиқ ислоҳ қилиш;
- давлат бюджети операциялари шаффофлигини таъминлаш;
- саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида ердан фойдаланиш ва мулк ҳуқуқларини ислоҳ қилиш;
- монопол давлат корхоналарини қайта тузиш ва корпоратив бошқарув ҳамда молиявий ҳисобот талабларини кучайтириш;
- экспорт йўналишини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш (ISO сифатни сертификатлаш, экспорт хавфини камайтириш, диверсификация қилиш ва ЖСТга қўшилишни ҳам ўз ичига олган ҳолда).
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь