Жаҳон банки Украинага $1,5 млрдлик ёрдам пакетини тайёрламоқда. У нимага мўлжалланган?
Олам
−
12 Апрель 2022
6916Жаҳон банки Украинага 1,5 миллиард долларлик ёрдам пакетини тайёрламоқда. Мазкур ёрдам пакети аҳолига давлат хизматлари кўрсатишни қўллаб-қувватлаш учун мўлжалланган. Бу ҳақда ТАСС бугун, 12 апрель куни Жаҳон банки президенти Дэвид Малпасснинг Варшава Иқтисодиёт мактабида сўзлаган нутқига таяниб, маълум қилди.
“Жаҳон банки Украинага 1,5 миллиард долларлик ёрдам пакетини тайёрламоқда. Банк 1944 йилда Европанинг Иккинчи жаҳон урушидан кейин тикланишига ёрдам бериш учун тузилган. Биз ўша пайтдагидек ёрдам беришга тайёрмиз ва Украина вақти келганда қайта тикланади. Молиявий ёрдам Украинага давлат сектори маошлари, пенсия ва бошқа ижтимоий тўловларни тўлашда ёрдам беради”, дейди Малпасс.
Унинг таъкидлашича, Жаҳон банки Украина ҳукумати билан яқин алоқада ва у Украинани қўлдан келганча қўллаб-қувватлайди.
Малпасснинг таъкидлашича, Украинадаги воқеалар энергия ва озиқ-овқат нархларининг ошишига олиб келган, бу эса қашшоқлик ва очлик атрофидаги вазиятни ёмонлаштириб, бутун дунё бўйлаб қарз муаммоларини янада кучайтиради. Дунё “кесишувчи инқирозлар”га дуч келаётган бир пайтда, ривожланган давлатлар бозорларни очиқ тутиши, савдо тўсиқларини олиб ташлаши ва йирик капиталларни бир қўлда жамлашга қаратилган сиёсатдан воз кечиши керак.
“Ҳеч қачон бунчалик кўп мамлакатлар бир вақтнинг ўзида капитал, иш ўринлари ва тирикчилик воситаларини йўқотишдан жабр кўрган рецессияни бошдан кечирмаган. Шу билан бирга, инфляция ўсишда давом этмоқда, бутун дунё бўйлаб уй хўжаликларининг, айниқса, камбағалларнинг реал даромадлари камаймоқда. Украинадаги воқеалар таъминотдаги чекловлар ва узилишларга, нархлар ошишига ва бутун дунё бўйлаб тенгсизликни кучайишига олиб келди”, дейди Жаҳон банки президенти.
Жаҳон банки прогнозига кўра, йил давомида Украина ялпи ички маҳсулоти ўтган йилга нисбатан 45,1 фоизга камайиши мумкин. Вазият Россиянинг Украинага қарши урушининг давомийлиги ва шиддатига боғлиқ.
“Уруш туфайли юзага келган гуманитар инқирознинг миқёси ҳайратланарли. Украина зудлик билан кенг кўламли молиявий ёрдамга муҳтож”, дейди Жаҳон банкининг Европа ва Марказий Осиё бўйича вице-президенти Анна Бжерде.
Украина Молия вазири Сергей Марченкога кўра, мамлакат давлат бюджети тақчиллиги март ойидаги 2,7 миллиард доллардан апрель-май ойларида 5-7 миллиард долларгача ошиши мумкин.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь