Жаҳон банки Киевга 1,5 миллиард доллар кредит ажратди
Олам
−
30 Июнь 2023
3128Жаҳон банки (ЖБ) директорлар кенгаши кеча, 29 июнь куни Украинага Япония ҳукумати кафолати остидаги 1,5 миллиард долларлик кредитни маъқуллашга қарор қилди. Бу ҳақда ЖБ матбуот хизмати ёзма баёнотида айтилади.
Унда қайд этилишича, ЖБнинг Украина учун 1,5 миллиард долларлик янги кредити унинг уй хўжаликларига ёрдам кўрсатишга қаратилган бўлиб, Россиянинг ҳарбий босқини оқибатларини ҳам юмшатади.
Молиявий институтнинг таъкидлашича, ушбу кредит Япония ҳукумати кафолати остида Украина учун зарур бўлган кредитни яхшилаш мақсадли жамғармасининг (ADVANCE Ukraina) бир қисми сифатида берилган ва 2023 йилда Украинанинг молиявий имкониятларини қондиришга қаратилган халқаро ёрдам пакетининг ажралмас қисмидир.
“Бугунги кунга қадар Жаҳон банки Украинага асосий эҳтиёжларни қондириш учун 37,5 миллиард доллардан кўпроқ маблағ ажратди”, дея қўшимча қилган банк.
Маблағлар шунингдек, кам таъминланганлар, қочқинлар ва кўчирилганларга ёрдам бериш, уй-жой коммунал хизматларини субсидиялаш ва фуқароларнинг пенсияларини тўғри ва самарали бошқаришни таъминлаш учун ишлатилади. Бундан ташқари, ЖБ қўшимча қилганидек, маблағлар давлат ресурсларини сарфлашнинг шаффофлиги ва ҳисобдорлигини оширишга қаратилган ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш, хусусан, давлат харидлари тизимини мустаҳкамлаш ва солиқ тўлашдан бўйин товлашга қарши курашиш учун солиқ ҳисоботларини тақдим этиш тизимини такомиллаштиришга ажратилади. Кредит, шунингдек, можаро пайтида ва ундан кейин бозорларнинг яхши ишлашига ёрдам беради.
Бугунги кунга қадар Жаҳон банки Украинага асосий эҳтиёжларни қондириш учун 37,5 миллиард доллардан ортиқ маблағни сафарбар қилган. Бу миқдорга АҚШ, Япония, Буюк Британия, Норвегия, Нидерландия, Испания, Германия, Канада, Швейцария, Швеция, Дания, Австрия, Финляндия, Ирландия, Литва, Латвия, Исландия ва Бельгия каби донор мамлакатларнинг мажбуриятлари ва ваъдалари киради.
Жаҳон банки ва Украина ҳукумати, ҳужжатда қайд этилганидек, асосий эътиборни мамлакат учун устувор тармоқлар, жумладан, энергетика, соғлиқни сақлаш, ижтимоий ҳимоя, таълим, уй-жой қурилиши ва қишлоқ хўжалигига қаратиб, асосли лойиҳаларни амалга оширади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь