Жаҳон автомобиль саноатидаги инқироз ва унинг таъсири: “UzAuto Motors”да ҳолат қандай?

Бизнес

image

Ўтган 2021 йил автомобиль саноати учун йўқотишларга тўла энг оғир йил бўлди, десак муболаға бўлмайди. COVID-19 барча ишлаб чиқариш соҳалари билан бир қаторда автомобиль ишлаб чиқариш саноатига ҳам ўзининг кучли таъсирини ўтказди. Автомобиль ишлаб чиқарувчилар глобал микрочиплар етишмовчилиги ва пандемия натижасида юзага келган яримўтказгичлардан тайёрланган бутловчи қисмларни портлар ва темир йўл орқали етказиб бериш билан боғлиқ глобал логистика муаммолари (6 ойгача контейнерлар кечикиши)га дуч келишди. Ва бу бутун дунё автомобиль саноатининг давомли инқирозига олиб келди.

Интернет нашрлари деярли ҳар ҳафта давомида яримўтказгичларнинг глобал танқислиги сабабли дунё бўйлаб автомобиль заводлари ёпилиши ҳақидаги хабарлар билан тўлди.

Муаммолар билан Nissan, Honda, Ford, Fiat Chrysler, Volkswagen, Suzuki, Subaru, Mercedez-Benz, BMW, Jagura Land Rover компаниялари юзма-юз келишганди. Хўш, “UzAuto Motors”да ҳолат қандай? 

“Табиийки, бутун дунё бўйлаб кузатилаётган глобал инқироз ‘UzAuto Motors’ АЖга ҳам ўз таъсирини кўрсатмай қолмади. Микрочиплар етишмаслиги ишлаб чиқариш қувватини кескин туширди.

“UzAuto Motors”нинг 2020 йилда ишлаб чиқариш кўрсаткичларини ҳисобга ҳолган ҳолда (рекорд 280 080 дона автомобиль) 2021 йил учун ҳам талабнинг ортишини инобатга олиб ишлаб чиқариш режаси 320 000 дона белгиланганди. Ушбу прогнозларни муваффақиятли амалга ошиши учун ишлаб чиқариш қуввати, амалда мавжуд шартномалар ва ходимлар сони имкон берди. Бироқ, глобал муҳитнинг кескин ўзгариши яримўтказгичлар етишмаслиги биринчи чоракнинг ўзидаёқ автомобиль ишлаб чиқарувчиларга таъсир қила бошлади.

2020 йилда тузилган шартнома бўйича 280 минг дона автомобилга микрочип етказиб бериш ўрнига фақатгина 150 минг дона автомобиль учун микрочиплар етказиб берилди.

Қолаверса, яримўтказгичларни етказиб бериш бўйича муаммолар битта автомобиль ишлаб чиқарилишида керак бўладиган 7-8 типдаги (двигателни бошқариш блоки, мультимедиа тизими, ABC, Ero-Glonass ва бошқалар) микрочиплар билан юзага келди.

Компанияда микрочиплар захирасининг мавжудлиги ишлаб чиқариш конвейерларининг тўхтаб қолишини олдини олди. Бундан ташқари вазиятни барқарорлаштириш учун фавқулодда чоралар кўрилди: GM раҳбарияти ва бир қатор микрочип ишлаб чиқарувчи компаниялар билан ўтказилган музокаралар натижасида қўшимча равишда яримўтказгичлар етказиб берилди. Бу эса 2021 йил инқироз даврида кутилган 150 000 эмас, 235 600 та автомобиль ишлаб чиқариш имконини берди.

Бундан ташқари, компания автомобиль эҳтиёт қисмларини етказиб беришда логистика муаммоларига дуч келди. Ҳозирги кунда Жанубий Корея, Хитой ва Россиядаги портларда юкларнинг туриб қолиши, бутловчи қисмларни етказиб бериш муддатини 6 ойгача чўзилиб кетишига ва контейнерлар нархининг ошишига олиб келди. 2020 йилда битта контейнерни Кореядан Ўзбекистонга етказиб бериш 4.5 доллар бўлган бўлса, ҳозирги кунга келиб, логистика нархи 14 минг долларга кўтарилди. Табиийки, кутиш муддатининг ортиши натижасида янги автомобилларга нисбатан талаб кескин ортди» —дейилади матбуот хизмати хабарида.

Мижозларнинг янги автомобилларга бўлган талабининг кун сайин ортиб бориши навбатларни юзага келтирди. Компания кеча-ю кундуз ишлаб чиқаришга қарамай, талабнинг кескин ортишидан вақтинчалик контрактация шартномаларини тузишни тўхтатиб туришга мажбур бўлганини маълум қилди.

Билдиришича, “UzAuto Motors”АЖ заводда ишлаб чиқариш жараёнининг узлуксизлигини таъминлаш, иш ўринларини сақлаб қолиш мақсадида бутловчи қисмларни имкон қадар кўпроқ етказиб берилиши учун керакли бўлган барча чораларни кўриб, музокаралар ўтказиб, бор имкониятларини ишга солмоқда.
 


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Баҳолаганлар

715

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг