Зеленский Евроиттифоқ саммитида нималарга эришди?
Олам
−
10 Февраль 2023
8185Аввал хабар берганимиздек, Украина Президенти Владимир Зеленский кеча, 9 февраль куни Брюсселга борган ва Европарламентда чиқиш қилган эди.
Шундан сўнг Зеленский Европа Иттифоқи давлат ва ҳукумат раҳбарлари билан Европа Кенгаши саммитида қатнашди. Саммитда у Европа етакчиларига Украинага кўмаклашаётгани учун миннатдорлик билдириб, урушда ғалаба қозониш учун улардан ёрдамни яна давом эттиришни сўраган. Йиғилиш тугагач, ҳамжамият саммити якунлари бўйича баёнот эълон қилинди.
Баёнотда Европа Иттифоқи халқаро ҳамкорлар билан маслаҳатлашган ҳолда, Россияга жамоавий босимни янада оширишини билдирган. ЕИ глобал шериклар билан яқин ҳамкорликда чеклов чораларини кучайтиришда давом этишини ва санкцияларни четлаб ўтишга қарши чораларни кучайтиришини маълум қилган.
Саммит иштирокчилари Украинага ҳарбий ва молиявий ёрдамни кенгайтиришга содиқлигини яна бир бор тасдиқлаган. Шунингдек, Европа Иттифоқи ва унга аъзо давлатларнинг можаро бошланганидан бери Киевга кўрсатган умумий ёрдами 67 миллиард еврони ташкил этиши, шундан қурол-яроғ етказиб бериш 12 миллиард еврога баҳоланиши айтилган.
Шунингдек, Европа Иттифоқи раҳбарлари ярадор украиналик аскарларни кейинчалик фуқаролик ҳаётига қайта интеграциялашуви учун даволаш ва реабилитация қилиш дастурини ишга туширишга ваъда берган.
Зеленскийнинг ташрифи давомида Евроиттифоқ Россияга қарши санкцияларининг ўнинчи пакетини тайёрлаётганини ҳам маълум қилган. Мазкур санкциялар пакети россиялик ҳарбийлар ва журналистларга нисбатан чеклов чоралар ҳамда 10 миллиард евролик экспорт тақиқларини ўз ичига олиши айтилган.
“Биз санкцияларнинг ўнинчи пакетини тайёрлаяпмиз. Улар Россиянинг сиёсий ва ҳарбий раҳбарларига нисбатан қўлланилади. Биз сизни (Зеленскийга қарата) ҳам диққат билан эшитдик ва Путиннинг пропагандасига қарши санкциялар киритишга қарор қилдик. Пакет шунингдек, 10 миллиард евро экспорт тақиқини ҳам ўз ичига олади”, деган Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен саммитдан сўнг ташкил этилган матбуот анжуманида.
Шунингдек, Европа Иттифоқи Европа тинчлик фонди доирасида Украинага 500 миллион евро миқдоридаги еттинчи ҳарбий ёрдамни беришини маъқуллаган ва 2023 йилда 30 минг аскарни тайёрлаш учун Европа Иттифоқининг Ҳарбий ёрдам миссиясини ишга туширган.
Маълумот учун, Европа Иттифоқи саммити икки кун (9-10 февраль кунлари) бўлиши керак эди, аммо Европа Кенгаши саммитнинг иккинчи куни бўлмаслигини эълон қилган.
Алибек Бейжанов
LiveБарчаси