Зеленский ва Байденни танқид қилган блогер қамоқда вафот этди
Олам
−
13 Январь
13248Америкалик блогер Гонсало Лира Украинадаги тергов ҳибсхонасида вафот этди. Бу ҳақда журналист Такер Карлсон Х (собиқ Twitter)даги аккаунтида хабар берди.
“Гонсало Лиранинг отаси Зеленский ва Байден ҳукуматларини танқид қилганликда айбланиб, ҳибсда сақланаётган ўғлининг Украина қамоқхонасида 55 ёшида вафот этганини айтди”, деган журналист.
Қўшма Штатлар Харьковдаги тергов ҳибсхонасида Америка ва Чили фуқаролигига эга бўлган блогер Гонсало Лира ўлганини тасдиқлади. Ўлимнинг дастлабки сабаби эса "пневмония бўлган". 2023 йил май ойида Украина хавфсизлик хизмати Лирани “Россия агрессиясини оқлаш” ва “ижтимоий тармоқларда руспараст тезисларни тарқатиш”да гумон қилиб ҳибсга олганди. У гаров эвазига қўйиб юборилган, аммо кейин Украинани тарк этишга урингани учун қайта ҳибсга олинган. Гонсало Лиранинг қамалиши Илон Маск томонидан ҳам қораланганди. Бироқ Украина расмийлари ҳали блогернинг ўлимига изоҳ бермади.
“Биз Украинада Америка фуқаросининг ўлимини тасдиқлашимиз мумкин”, деган департамент ходимларидан бири журналистларга берган баёнотида.
Давлат департаменти Байден танқидчисининг ўлими ҳақида қўшимча маълумот бермади ва буни марҳумнинг оиласи манфаатларини ҳурмат қилиш зарурлиги билан изоҳлади.
Шунингдек, Лира ўлимидан аввал оиласига ҳам хат ёзишга улгурган.
“Менда икки томонлама пневмония бор, пневмоторакс ва тўлиқ тана шишиши мени безовта қиляпти. Буларнинг барчаси октябрь ойи ўрталарида бошланган, бироқ қамоқхона маъмурияти бунга эътибор қилмаяпти”, деб ёзган Лира.
Марҳумнинг хатида бошқа маҳбуслар уни қаттиқ ҳақорат қилишгани ҳамда жиноятчилар унинг қовурғасини синдиришгани сабаб 30 соат ухлай олмаганини ҳам айтган.
Блогер Чили ва Америка фуқароси бўлишига қарамай, унга фақат Чили элчихонаси ёрдам берган. Элчихона ходимлари Лиранинг соғлиғини текширишни талаб қилган. Америка элчихонаси ходимлари унга уч марта қўнғироқ қилишганини айтган Лира буларни “шунчаки қуруқ сўзлар эди”, деб изоҳлаган.
Оила аъзоларининг сўзларига кўра, тергов изолятори ходимлари унинг пневмония билан касалланганини фақат 22 декабрдаги суд мажлисида тан олишган.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йилнинг ноябрь ойида Москванинг Лефортово суди жосусликда айбланаётган “The Wall Street Journal” газетаси Москва бюроси мухбири Эван Герцҳковични ҳибсда қолиш муддатини узайтирган эди.