Зеленский ўзига келади ёки Украинага янги раҳбар керак бўлади – Майк Жонсон 

Олам

image

Украина Президенти Владимир Зеленский “ўзига келиши” ва “миннатдорлик билан” музокаралар столига қайтиши ёки бошқа бировга мамлакатни бошқаришига рухсат бериши керак. Бу ҳақда АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси спикери Майк Жонсон маълум қилди.

Жонсоннинг айтишича, Украина раҳбари Оқ уйда бўлиб ўтган учрашув чоғида АҚШ томонидан Украинага кўрсатилаётган ёрдам учун миннатдорлик билдириш ўрнига АҚШ Президенти билан жанжаллашиб қолган ва унинг гапини бўлган.

“Зеленскийнинг Оқ уйда қилгани биз учун унинг ҳали бунга тайёр эмаслигидан далолат берди ва менимча, бу жуда катта умидсизлик”, деди Жонсон.

Спикернинг сўзларига кўра, Қўшма Штатлар муҳокама қилган тинчлик келишувига эришиш учун Зеленский “ўзига келиши” ва “миннатдорлик билан” музокаралар столига қайтиши ёки бошқа бировга мамлакатни бошқаришига рухсат бериши керак.

Сиёсатчининг айтишича, АҚШ ва Украина ўртасидаги ноёб ер металлари бўйича келишув хавфсизлик кафолатларини ўз ичига олади ва агар имзоланса, шартнома Украина учун “маълум даражадаги хавфсизлик”ни таъминлайди.

Жонсоннинг айтишича, келишув имзолангандан сўнг Украина АҚШ билан иқтисодий ҳамкорликка киришади, Вашингтон эса ҳар доим ўз манфаатлари ва сармояларини ҳимоя қилади.

“Россия, Хитой, Эрон ва Шимолий Корея бу ҳақда билади. Бу биз учун жуда муҳим хабар”, дея қўшимча қилди маърузачи.

Оқ уйдаги жанжал

28 февраль куни Овал кабинетда АҚШ Президенти Дональд Трамп ва Украина Президенти Владимир Зеленский ўртасидаги музокаралар кескин муҳитда ўтди. Учрашувдан сўнг режалаштирилган қўшма матбуот анжумани бекор қилинди ва Зеленский Оқ уйни тарк этди.

Манбаларга кўра, суҳбат чоғида Трамп Украина етакчисининг позициясини танқид қилган, Зеленский эса АҚШдан кейинги ёрдамга умид билдирган. Бир қатор масалалар муҳокама қилинганига қарамай, икки давлат ўртасида нодир ер металлари бўйича келишув имзоланмади.

Музокаралардан сўнг Трамп ўзининг Truth Social ижтимоий тармоғида учрашув ҳақида изоҳ бериб, Зеленский “ҳали тинчликка тайёр эмаслигини” айтди.

Ўз навбатида, Украина Президенти “Fox News” телеканалига берган интервьюсида Трампдан кечирим сўраши мумкинлиги ҳақидаги саволга жавоб берар экан, бунга ҳеч қандай сабаб кўрмаётганини таъкидлади.

Учрашувга Европа етакчиларидан ҳам муносабат билдирилди, уларнинг кўпчилиги Украинани қўллаб-қувватлади.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Украина Зеленский Майк Жонсон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг