Зеленский Трампни тинчлик режасини баҳам кўришга чақирди
Олам
−
04 Июль
6538Украина Президенти Владимир Зеленский Оқ уйнинг собиқ раҳбари Дональд Трампни Россиянинг Украинага қарши урушини 24 соат ичида тугатиш режаси билан бўлишишга чақирди. Бу ҳақда Зеленский кеча, 3 июль куни Американинг “Bloomberg Television” телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.
“Агар Трамп бу урушни қандай тугатишни билса, у бизга бугун айтиши керак. Агар Украина мустақиллиги учун хавф-хатарлар мавжуд бўлса, агар биз давлатчиликни йўқотсак, бунга тайёр бўлишни ва буни билишни хоҳлаймиз”, деган Украина Президенти.
Зеленский Трамп ва унинг жамоаси билан уларнинг таклифларини тинглаш учун учрашишга “потенциал тайёр” эканлигини айтди.
“Биз ноябрь ойида АҚШ томонидан кучли ёрдамга эга бўламизми ёки бутунлай ёлғиз қоламизми, шуни тушунишни истаймиз”, деб таъкидлади Зеленский.
Шу билан бирга, Украина раҳбари яна бир кун олдин Венгрия Бош вазири Виктор Орбан томонидан таклиф қилинган сулҳга қарши чиқди. Унинг сўзларига кўра, илгари шунга ўхшаш таклифлар билан чиққанлар бу қандай ишлаши мумкинлигини айта олмаган.
“Ҳеч кимнинг ечими йўқ”, дейди Зеленский.
Аввалроқ, 2024 йилги президентлик сайловларида Республикачилар партиясидан АҚШ президентлигига энг кўп номзод бўлган Дональд Трамп, агар у ғалаба қозонса, лавозимга киришишдан олдин “24 соат ичида” Россия ва Украина ўртасида тинчлик келишувига эриша олишини бир неча бор таъкидлаган эди. Бироқ, у буни қандай қилишини очиқчасига айтишдан бош тортди, аммо Украина тинчлик учун ўз ҳудудларининг бир қисмини йўқотишга рози бўлиши кераклигини тан олди.
Аввалроқ “The Washington Post” газетаси Трампнинг аннексия қилинган Қрим ва Донбассни Россияга бериши учун Киевга босим ўтказиш нияти ҳақида ёзган эди. “Reuters” хабарига кўра, Россиянинг Украинага қарши урушини тўхтатиш бўйича унинг маслаҳатчилари Трампга тақдим этган режада Киев Россия Федерацияси билан тинчлик музокараларига киришган тақдирдагина Америка қуролларини олишини кўзда тутади.
LiveБарчаси