Зеленский россияликларга қарши янги санкциялар киритди
Олам
−
19 Ноябрь 2023
7920Украина Президенти Владимир Зеленский Миллий хавфсизлик ва Мудофаа кенгашининг россияликларга қарши янги санкциялар тўғрисидаги қарорларини кучга киритaдиган иккита фармонни имзолади. Бу ҳақда Президент девони сайтида маълум қилинди.
Қайд этилишича, мазкур фармонларга 108 нафар жисмоний шахс ва 37 та корхона бўлган учта рўйхат илова қилинган. Шахсий санкциялар рўйхатига, хусусан, тан олинмаган Лугаск халқ республикаси раҳбари Леонид Пасечник, Россия томонидан тайинланган Қрим раҳбари Сергей Аксенов киради.
Янги санкцияларга дучор бўлганларнинг аксарияти Украинанинг олдинги санкциялар рўйхатидан ҳам жой олган эди. Ушбу санкциялар 5 ва 10 йил муддатга жорий этилган бўлиб, хусусан, активларни мусодара ва блокировка қилиш, хусусийлаштиришда иштирок этишни тақиқлаш ва активларни Украина ҳудудидан олиб чиқиб кетишни таъқиқлайди.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Владимир Зеленский Россиянинг Украинада “Майдан 3” ташкил этиш ва Президентни лавозимидан четлаштириш режаси борлигини айтганди. Шунингдек, Россия Хавфсизлик Кенгаши раиси ўринбосари Дмитрий Медведев Зеленскийнинг гапини мазах қилиб, москваликларнинг "Майдан 3" айёр режаси номининг ўзи Киевнинг дастлабки икки “Майдан” давлат тўнтаришидан бошқа нарса эмаслигини тан олганини англатишини билдирган эди.
LiveБарчаси