Зеленский Россия билан чегара яқинидаги шаҳарга борди
Олам
−
14 Сентябрь 2022
7106Украина Президенти Владимир Зеленский Харьков вилоятига ташрифи чоғида россиялик босқинчилардан озод қилинган Изюм шаҳрида давлат байроғини кўтариш маросимида иштирок этди. Бу ҳақда Украина Президентининг расмий сайтида келтирилган.
Маросим шаҳарнинг марказий майдонида Украина ҳимоячилари иштирокида бўлиб ўтган. Байроқни кўтариш пайтида Украина мадҳияси янграган.
Президент нутқида Украина ерларини душмандан озод қилган ҳарбий хизматчиларга миннатдорлик билдириб ўтган.
“Халқимиз, қалбимиз, фарзандларимиз ва келажагимиз ҳақида қайғураётганингиз учун сизга раҳмат айтмоқчиман. Сўнгги бир неча ой сиз учун жуда қийин бўлди. Шунинг учун мен сиздан жуда кўп сўрайман: ўзингизни эҳтиёт қилинг, чунки сиз бизнинг энг қимматли (инсонимизсиз – таҳр.)”, дейди Владимир Зеленский.
Президент нутқи давомида бирорта ҳам босқинчи украиналикларнинг қалбини забт эта олмаслигини таъкидлаган.
“Эҳтимол, давлатимиз ҳудуди вақтинча босиб олиниши мумкиндир. Лекин, албатта, бизнинг халқимизни, Украина халқини босиб олишнинг иложи йўқ”, дейди давлат раҳбари.
Маросимда йиғилганлар Украина учун жон фидо қилган ҳимоячилар хотирасини бир дақиқалик сукут билан ёдга олган.
“Авваллари биз юқорига қараганимизда доим мовий осмонни, қуёшни қидирардик. Бугун эса биз, айниқса, вақтинча ишғол қилинган ҳудудлардаги одамлар юқорига қараб, фақат бир нарсани – давлатимиз байроғини қидирмоқда. Бу дегани, қаҳрамонлар шу ерда. Демак, душман йўқ, у қочиб кетди”, дейди Зеленский
Шунингдек, Президент Изюм шаҳри ҳокими Валерий Марченко билан ҳудуддаги вазиятни қисқача муҳокама қилган.
Эслатиб ўтамиз, тан олинмаган ДХР ахборот вазири ўринбосари Даниил Безсонов Россия қўшинлари Купянскдан 70 километр жануби-ғарбда жойлашган Изюм шаҳрини ҳам тарк этганини маълум қилган эди.
Фарангиз Салимова
LiveБарчаси